22 ноябр куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги биносида ўтган учрашувда Airbus ҳамда Uzbekistan Airways АЖ ўртасида савдо келишувига эришилган. Газета.uz манбаси хабар беришича, унда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Airbus International компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Жак Гарриге иштирок этиб, салкам 800 млн еврога 17 та самолёт харид қилинишига келишиб олинган.
Келишувга кўра, 694,3 млн еврога 8 та Airbus A-320 NEO ва 4 та Airbus A-321 NEO русумли самолётлари, шунингдек, 21 млн еврога 2 та Airbus H145 вертолётлари сотиб олинади.
Бундан ташқари, Silk Avia авиакомпанияси учун 100 млн еврога 5 дона ATR 72-600 русумли самолётлари етказиб беришга шартнома имзоланган.
Шу билан бирга, Airbus Ўзбекистонда ўз вертолётларига хизмат кўрсатиш марказини очиш бўйича ҳам режалари борлигини маълум қилган. Таъкидланишича, бу бўйича лойиҳанинг қиймати 14,1 миллион еврога баҳоланган.