Ўзбекистон АрМИ – 2020 ўйинларининг «Йўл патрули» баҳсида ғолиб бўлди (фото)

Ўзбекистон АрМИ – 2020 ўйинларининг «Йўл патрули» баҳсида ғолиб бўлди (фото)

Қўқон мезбонлик қилган АрМИ – 2020 халқаро Армия ўйинларининг «Йўл патрули» баҳсида Ватанимиз шарафини ҳимоя этган юрт ўғлонлари биринчи ўринни қўлга киритди ва бу натижа Ўзбекистон жамоаси ўзининг мусобақа тарихидаги энг юқори натижасини қайд этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти Sof.uz'га хабар берди.

"Бир неча кун давом этган муросасиз беллашувларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий автомобиль назорати ходимлари Россия ҳамда беларуслик рақибларидан ҳар томонлама устун эканликларини намойиш этишди. Капитан Мансуржон Акобиров, сержантлар Сиддиқ Аъзамов, Фарҳод Мусаев Макаров пистолети ва автоматдан ўқ отиш, экстремал бошқариш ва йўл ҳаракати ҳодисаси пайтида содир бўлиши мумкин ўт ўчириш ҳамда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш шартларини бажариш жараёнида ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Дастурга кўра жамоалар вакиллари сўнгги икки шарт – автомобиль шиналарини алмаштириш ва йўл ҳаракатини бошқариш (конкурсдан ташқари) борасида баҳс олиб борди. Кичик сержант Музаффар Тулябаев ва катта лейтенант Жамолиддин Эгамбердиев жуфтлиги 1 дақиқа 14 сонияда автомобиль шинасини алмаштириб, ўзларига топширилган вазифани аъло даражада бажаришди. Сержант Жўрабек Қодиров, Алексей Серебров (Россия Федерацияси) ва Александр Шеглов (Беларус Республикаси) йўл ҳаракатини бошқариш шартида энг яхши инспекторлар сифатида ўзларини кўрсатишди.

Қайд этилган натижаларга якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси биринчи, Россия Федерацияси иккинчи, Беларус Республикаси учинчи ўриндан жой олди" - дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.