Ўзбекистон бўйлаб 4 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

Ўзбекистон бўйлаб 4 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

Фото: Фарғона вилояти ИИБ

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, бугун, 26 февраль куни Сирдарё вилояти Боёвут тумани Маданият МФЙдаги уйларнинг бирида фожиа содир бўлган. Яъни, ушбу хонадонга ўрнатилган “АГВ” иситиш печидан сизиб чиққан ис гази оқибатида 2 нафар фуқаролар 2000 йилда туғилган С. К. ва 2004 йилда туғилган С.Ш.лар заҳарланиб, воқеа жойида вафот этган.

Ҳозирги вақтда, ҳолат бўйича дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, кеча 25 февраль куни Фарғона вилоятида ҳам икки нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди.

25 февраль куни соат 07:30ларда Фарғона вилояти Учкўприк туман Пучуғой қишлоғидаги уйларнинг бирида истиқомат қилувчи 18 ёшли Ф.М. (қиз) ўз уйига ўрнатилган сандалнинг туташи оқибатида ис газидан заҳарланиб, куйиши натижасида вафот этган.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, бундан ташқари, соат 13:00ларда Фарғона шаҳар Беглар МФЙда истиқомат қилувчи 38 ёшли М.Х. ва бирга яшовчи турмуш ўртоғи Г.Қ. яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиши натижасида М.Х. ҳодиса жойида вафот этган. Г.Қ. шифохонага ётқизилган.

“Ҳурматли фуқаролар! Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, сиздан хонадонингиз ва бошқа бинолардаги газ анжомларида газ сизиб чиқиш ҳолатлари бор ёки йўқлигига эътиборли бўлишингизни, оловдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишингизни сўраймиз. Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан тергов тезкор гуруҳи ҳодиса жойида ишламоқда, воқеа тафсилоти юзасидан қўшимча равишда маълумот берилади”, — дейилади хабарда.