Ўзбекистон бўйлаб ҳоким ва ҳокималар алмашмоқда (фото)

Ўзбекистон бўйлаб ҳоким ва ҳокималар алмашмоқда (фото)

Қашқадарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари Мустафаева Максуда Сайфуллаевна Қарши туманига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Андижон вилоятининг Асака туманида ҳам раҳбар ўзгарди. 4 март куни бўлиб ўтган, Андижон вилояти, Асака туманида фаоллар йиғилишида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва президент маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этди.

Йиғилишда Асака тумани ҳокими Эркинжон Абдуллаевич Якубов ишдан олинган. У 2017 йилнинг июлидан буён туманга раҳбарлик қилиб келаётганди. Бўстон туманининг (собиқ Бўз) собиқ ҳокими Иномжон Солижонович Мамадалиев Асака туманига янги раҳбар этиб тайинланган.

Шунингдек, 4 март куни Андижон вилояти Бўстон туманида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида 2018 йил августидан бери туманга раҳбарлик қилиб келган Иномжон Мамадалиев бошқа ишга ўтгани муносабати билан, унинг ўрнига Садбархон Мамитова туман ҳокими этиб тайинлангани маълум қилинди.

Аввалроқ Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига Дилфуза Ўролова, Бухоро вилоятининг Олот туманига эса Наргиза Неъматова ҳоким этиб тайинланган эди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, яқин вақт ичида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига ҳам аёл-ҳоким тайинланиши кутилмоқда.

4 март куни бўлиб ўтган Бухоро шаҳар фаолларининг йиғилишида ҳам ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, айни кунга қадар Бухоро шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ўткир Жумаев Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.