Ўзбекистон давлатчилигидаги қадриятлар

Ўзбекистон давлатчилигидаги қадриятлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди биноси

Қадриятлар – узоқ кузатишлар натижасида олинган хулосалар, хулосалар асосида қабул қилинган қоидалар, фойдалар, аҳамиятли тушунчалар ҳисобланади. Ҳар бир жамият ва давлатда қадриятлар бўлади. Қадриятларсиз жамият парокандаликка ва тартибсизликка, ўзаро алдашлар босими остида қолади. Ўзбекистондаги энг асосий ижтимоий келишув, бу Конституцияда айтилган қадриятлар ҳисобланади.

Ўзбекистон конституциясидаги қадриятлар, инсон қадр-қиммати ва ҳурлиги, эркинликлар, демократия, ва ҳокимиятлар бўлиниши, уларни доимий алмашиб туриши – Ўзбекистон халқининг шахсий тажрибаси ва хулосалари эмас, дунё тажрибаси ва хулосалари ҳисобланади. Лекин, ўтган чорак асрдаги Ўзбекистон давлатчилигининг асосий қадрияти – халқни алдаш, бостириш ва у билан курашиш орқали, ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб туриш бўлди. Ҳокимиятдагиларни бошқа қадрияти бўлмади! Лекин, бугун вазият кардинал ўзгаргани йўқ. Фундаментал ўзгаргани йўқ!

Ўзбекистондаги Конституциявий қадриятларнинг бош қўриқчиси, кузатувчиси, ҳимоячиси, ижрочиси, бу Конституциявий суд ҳисобланади. Ўзбекистонда Конституциявий суд борлигини, олдинги 25 йилда ҳам, кейинги тўрт йилда ҳам ҳеч ким эшитмаган. Ўзбекистонда Конституциявий судни ўзи қонунларни муттасил ва қўпол бузиб келса, Конституцияга ва конституциявий қонунларга амал қилмаса, қолганлар нима қилсин?

Мисол учун, “ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ТЎҒРИСИДА» қонуннинг олтинчи бандига кўра, ҳеч бир шахс ушбу суд раислигига икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Манба

Маълумотларга кўра, ҳозирги раис Мирбобоев Бахтиёр беш марта сайланган! Қонунга кўра, суд раисининг ёши 70дан ошмаган бўлиши керак, лекин Мирбобоевнинг ёши 75дан ошган.

Бу қонунбузарликларни яшириш учун, Конституциявий суд сайтида Суд Раиси тўғрисида биографиясига тааллуқли маълумотларни ҳам беришмаган! Мана шундай судьялар ва суд тизими сизларни ҳақ-ҳуқуқларингизни ҳимоя қиладими?

Сиёсий тизим қандай бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон халқининг муаммолари, ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди, ерга сингиб кетмайди, ҳавога учиб кетмайди. Одамларнинг муаммолари ёки самарали ҳал қилинади ёки бу муаммолар ҳокимиятнинг ўзига кўчиб ўтади. Қонунлар ишлаши керак, қадриятлар тан олиниши ва татбиқ этилиши керак. Ҳақ-ҳуқуқи ноқонуний бузилган одамларнинг ҳуқуқлари тикланиши керак. Уларни ҳақ-ҳуқуқларини бугун тикланмаслиги, ҳокимият учун негатив энергияга айланади холос, лекин бу муаммолар йўқ бўлиб кетмайди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.