Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон элчихонаси чегарадан ўтказиб қўйишни ваъда қилаётганларга ишонмасликни сўради​
6.07.2020 10:43,  
394

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва оммабоп мессенжерларда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги чегара очилгани ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ватанимизга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар Россия-Қозоғистон чегарасига одамларни етказиб қўйиш ва чегарани кесиб ўтишда «ёрдам бериш»ни ваъда қилиб, турли эълонлар тарқатмоқда.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларимизни бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликка чақирди.

Маълум қилинишича, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонда жорий этилган карантин чоралари, шу жумладан мамлакатларга кириш бўйича чекловлар ўз кучида қолмоқда.

"Афсуски, шу кунларда Самара вилоятидаги Болшая Черниговка қишлоғи, Оренбург вилоятидаги Бузулук тумани ва Сол-Илеск шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яна тўпланиши кузатилмоқда. Уларнинг кўпчилиги, ёлғон хабарларга ишониб, Россиянинг турли ҳудудларидан келган ва Қозоғистон орқали Ватанимизга қайтиш истаганини билдирмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалаётган бир пайтда фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, касаллар, доимий касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.

Яна бир бор, Россия ҳудудидаги ватандошларимиздан турли ёлғон хабарлар ва миш-мишларга ишонмасликларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегара пунктларига боришга уринмаслик, ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз" - дейилади элчихона ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга зид маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек, Интернет орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси қонунчилигига биноан, оғир оқибатларга олиб келишини била туриб ёлғон маълумотни тарқатиш 300 мингдан 2 миллион рублгача жарима ҳамда уч йилдан беш йилгача қамоқ билан жазоланади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан