Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Афғонистонда портлатиб юборилган электр узатиш линиялари борасида изоҳ берди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Афғонистонда портлатиб юборилган электр узатиш линиялари борасида изоҳ берди

Афғонистон шимолидаги Боғлон вилоятида жойлашган электр узатиш тармоқ устунларида юз берган теракт оқибатида мамлакатнинг 11 вилояти электр таъминоти тизимида узилиш юз берди, дея хабар бермоқда ToloNews.

Нашр маълумотларига кўра, ҳужум натижасида Афғонистон пойтахти Кобул ва мамлакатнинг 11 вилояти электр энергиясиз қолган. Жангарилар Тожикистондан келаётган юқори вольтли электр узатиш линиясининг учта устунини портлатишгани айтилади. Шунингдек, Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериладиган электр узатиш линиясининг битта устуни вайрон бўлган.

Ўз навбатида, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» корхонаси Афғонистонда электр энергиясини сотиб олувчилардан электр узатиш линиялари портлатиб юборилганини тасдиқловчи маълумот олмаган. Бу ҳақда корхона Kun.uz’га хабар қилди.

Қайд этилишича, амалдаги шартнома бўйича Афғонистон Ислом Республикаси Ўзбекистондан узлуксиз электр энергиясини (кунига тахминан 1,5 миллион кВт/соат) олмоқда.

Электр узатиш линиялари, хусусан, электр узатиш устунларини таъмирлаш ва тиклаш ҳар бир мамлакат томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

«Агар бирон сабабга кўра электр таъминоти тўхтаган бўлса, биз бу афғон истеъмолчилари Тожикистон Республикасидан сотиб оладиган электр энергияси линияси орқали содир бўлган бўлиши мумкин, деб тахмин қиламиз. Агар бу тахмин рост бўлса, тожик ва афғон мутахассислари электр узатиш линияларини қачон ва қандай қилиб қайта тиклашларини билмаймиз», - дейилади «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қарийб 200 километрлик «Сурхон — Пули-Ҳумри» электр узатиш линияси қурилишига 45 млн доллар ажратади. Лойиҳанинг умумий қиймати 110 млн долларга баҳоланмоқда. Мамлакатлар ўртасида «ол ёки тўла» тамойили бўйича 10 йил муддатга энергия етказиб беришга шартнома имзолайди.