Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон фриланс бозорига кириш учун тайёрми?
28.11.2022 10:47,  
40

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш имкониятларини баҳолади.

Бугун давлат олдида турган энг муҳим вазифалардан бири бу фуқаролари учун муносиб ҳаётни таъминлашдир. Турмуш даражасини яхшилаш ва ўрта қатлам улушини ошириш бўйича олдинга қўйилган вазифани бажаришдаги энг муҳим омил бу аҳоли бандлигини таъминлашдир. Чунки бу давлат бюджетига тушадиган ижтимоий зўриқишни камайтиради ва меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар ўртасида камбағаллик даражасини пасайтиради.   

Иқтисодиётнинг бугунги ривожланиш босқичида бандлик билан боғлиқ муаммони, янги бандликнинг илғор шакли – масофадан туриб ишлаш орқали  ҳал этиш мумкин. Замонавий бандликнинг бу шакли турли хил номлар билан аталади, яъни интернет орқали ишлаш, узоқдан туриб ишлаш ёки фриланс (инглизча. freelance – "эркин рассом", штатдан ташқари ходим, эркин профессионал).

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистоннинг фриланс бозорига чиқиш имкониятларини баҳолади.

Тадқиқот давомида 2015-2021 йилларда Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш учун тайёрлик индекси ҳисоблаб чиқилди ва қуйидаги асосий натижалар олинди:

  1. Тадқиқ этилаётган даврда индекс қиймати 43,9 дан 59,9 гача кўтарилди.
  2. Бу вақт оралиғида инфратузилмаларнинг ривожланиш кўрсаткичи 38,0 дан 64,2 гача кўтарилди ва у индекснинг ортишига энг катта ҳисса қўшди.
  3. Энг катта ўсиш маълумотларни узатиш халқаро тармоғининг ўтказувчанлик имконияти (74,7 маротаба) ва масофавий банк хизматлари тизимларидан фойдаланувчилар (жисмоний шахслар) сони (20,2 маротаба) каби кўрсаткичлар бўйича қайд этилди.
  4. Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш учун тайёрлик даражасига олий таълим билан қамраб олиш (3,8 маротаба), интернетдан фойдаланувчилар сони (2,4 маротаба) каби кўрсаткичларнинг ортиши, провайдерлар учун интернет-хизматлар (ташқи канал) учун тарифлар қиймати кўрсаткичнинг пасайиши (86,4 маротаба) ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Upwork фриланс платформаси ҳисоботига кўра, бугунги кунда фрилансерларга бўлган талабнинг каттагина қисми ( тахминан 50%) ҳамон кичикроқ ва ўртача капитал айланишига эга бўлган компанияларнинг улушига тўғри келади. Бироқ, Fortune 500 рўйхатидаги (рўйхатда Amazon, Apple, Microsoft, Facebook, PepsiCo ва бошқа компаниялар бор) йирик компанияларнинг 33 фоизи ўз ишини аутсорсингга бериш учун фрилансерлар биржасига мурожаат қилмоқда.

2021 йилда нафақат харажатларни камайтириш ва алоҳида лойиҳалардаги эҳтиёж, балки кенг экспертизадан фойдаланиш имкониятларининг ортиши ҳам фрилансерларни жалб қилишдаги бирламчи сабабга айланди.  

Глобал фриланс бозори ривожланишининг истиқболлари ҳақида тўхталганда, Upwork компанияси фикрича, компанияларнинг операцион харажатларни камайтириш ва бизнеснинг мослашувчанлигини таъминлашга интилиши туфайли фриланс бозорида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолади. Прогнозларга кўра, 2025 йилга борганда глобал фриланс бозорининг ҳажми 13,84 триллион АҚШ долларига етади.

Шундай қилиб, 2021 йилда фрилансерлар ва жамоалар мустаҳкамланди ва оёққа турди. Энди фриланс ҳамма жойда янада кучаяди ва янада мустаҳкамланади. Фрилансерлар фоизи ҳам тез суръатлар билан ошади ва штатдаги ходимлари стратегик вазифалар билан шуғулланадиган, қолган барча ишларни аутсорсингга берадиган компаниялар келажак компанияларига айланади.  

Дунё фриланс бозорининг тез суръатлар билан ривожланиши унга Ўзбекистоннинг ҳам кириши зарурлигидан далолат беради. Бу масала қанча узоқ чўзилса, мамлакатимиз шунча кўп имкониятни қўлдан бой беради. Ҳозирги вазиятни инобатга олганда мамлакат ҳукумати томонидан фриланс бозори фаолиятини фаоллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.

Ўзбекистонда ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар (фрилансерлар) нинг ҳуқуқий мақоми яқинда қонунийлаштирилди ва соддалаштирилди. Ўзбекистонда фрилансерлар фаолиятини давлат меъёрий актлари билан қонунийлаштириш учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини татбиқ этиш кўзда тутилган. Меҳнат гувоҳномаларининг жорий этилиши расмий рўйхатдан ўтмасдан яширин иқтисодиётда банд бўлган фуқароларнинг меҳнатини қонунийлаштиришга қаратилган.

Фрилансерларни гувоҳномани расмийлаштириш учун рағбатлантириш мақсадида ўзини-ўзини банд қилган давр меҳнат стажига қўшилади ва бу келгусида унга пенсия таъминотидан фойдаланиш имкониятини беради.

2020 йилнинг июнь ойида Президент томонидан “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди. Ушбу қарор доирасида ўзини ўзи банд қилганлар учун касблар рўйхати 24 тадан 67 тагача кенгайтирилди. Мазкур касбларда ўзини ўзи банд қилганлар даромад солиғини тўлашдан озод этилди.

Шунингдек, фрилансерлар бугун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборотлар тизимига тегишли маълумотни киритмасдан банклардаги ҳисоб рақамлари орқали хорижий валютадаги тўловларни қабул қилиш;

- очиқ оферта ёки ҳисоб-фактура (жумладан электрон кўринишда) асосидаги шартномасиз хорижликларга хизмат кўрсатиш.

Айни чоғда Ўзбекистоннинг дунё фриланс бозорига қанчалик муваффақиятли кира олиши жуда муҳим масала ҳисобланади. Мамлакатнинг имкониятларини баҳолаш учун Жаҳон банкининг мослаштирилган усулидан фойдаланилди. Мазкур усул бирламчи манбадан замонавий кўрсаткичлардан фойдаланилгани, шунингдек, индикаторлар Ўзбекистон миллий статистика базасидаги маълумотларга мослаштирилгани билан фарқ қилади.

Ўзбекистоннинг жаҳон фриланс бозорига киришга тайёрлик индекси 2015-2021 йиллар учун шу тариқа ҳисобланди.

Мамлакатда кўрилган чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш учун тайёрлик индекси 43,9 дан 59,0 гача кўтарилди. Бунга 3-блок кўрсаткичларининг яхшиланиши энг кўп таъсир қилди. Демак, “Инфратузилмалар” блоги бўйича ўртача кўрсаткич 38,0 дан 64,2 га кўтарилди. Маълумотларни узатиш халқаро тармоғининг ўтказувчанлик имкониятининг 74,7 маротаба (2015 йилда 16,1 Гбит/с ва 2021-йилда 1200 Гбит/с), масофавий банк хизматлари тизимидан фойдаланувчилар (жисмоний шахслар) сонининг 20,2 маротаба (2015 йилда 979,5 минг киши ва 2021-йилда 19705,2 минг киши), асосий мобил алоқа

станциялари сонининг 2,8 маротаба (2015 йилда 16,3 минг дона ва 2021 йилда 45,9 минг дона), юқори тезликка эга интернетдан фойдаланувчи  абонентлар сонининг 2,4 маротаба (2015-йилда 100 кишига 5,8 та абонент ва 2021 йилда 14,4 та абонент), аҳолининг интернет билан таъминланганлиги  2,2 маротаба (2015-йилда 100 кишига 26,6 та уланиш ва 2021 йилда 58,4 та уланиш) ва бошқалар умумий ўсишга энг кўп таъсир кўрсатди.

Шунингдек, бошқа блоклар бўйича сезиларли ўсиш кузатилди. Буни олий таълим билан қамраб олиш коэффициентининг 3,8 маротаба ортиши (2015 йилда 18-22 ёш оралиғидаги аҳолининг 8,3%и ва 2021 йилда 31,3%и), интернетдан фойдаланувчилар сонининг 2,4 маротаба ортиши (2015 йилда 10,2 миллион киши ва 2021-йилда 24,7 миллион киши), провайдерлар учун интернет хизматлари тарифларининг 86,4 маротаба пасайиши (2015 йилда 259,3 АҚШ доллари ва 2021 йилда 3,0 АҚШ доллари), АКТ товарлари экспортининг 2,4 маротаба ортиши (2015-йилда товарлар экспортининг умумий ҳажмидаги улуши 0,07%ни, 2021 йилда эса 0,16%ни ташкил этган) каби кўрсаткичлар мисолида кўриш мумкин.

Бошқа кўрсаткичлар ёки ўзгаришсиз қолган ёки улардаги яхшиланиш 2 маротабадан камроқ бўлган. Шунингдек, 4 та кўрсаткич бўйича қиймат пасайганини қайд этиш жоиз. Ўрта-махсус таълим билан қамраб олиш коэффициенти 14,4 маротаба (2015 йилда 16-18 ёш оралиғидаги аҳолининг 91,0% ини, 2021 йилда эса 6,3% ини ташкил этган) пасайган. Мазкур пасайишни 10-11 синфларда таълим олишнинг қайта тикланиши билан изоҳлаш мумкин. АҚШ долларида ҳисобланган бир ойлик ўртача номинал иш ҳақи 1,5 маротаба (2015-йилда 454,5 АҚШ доллари ва 2021 йилда 302,0 АҚШ доллари) пасайган. Бу ҳолат алмашинув курсининг миллий валютадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан тез суръатларда ошгани билан изоҳланади. Ва ниҳоят, кўрсатилган умумий хизматлар ҳажмида алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг улуши 1,1 маротаба қисқарган (2015 йилда 6,6%ни, 2021 йилда эса 6,0%ни ташкил қилган).

Тавсия Этамиз






Тавсия Этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан