​​Ўзбекистон фуқароларининг Жанубий Кореяга киришига вақтинчалик чеклов қўйилиши мумкин

​​Ўзбекистон фуқароларининг Жанубий Кореяга киришига вақтинчалик чеклов қўйилиши мумкин

Жанубий Корея мамлакатга ташриф буюрадиган Ўзбекистон фуқаролари сонини қисқартириши ёки киришни вақтинчалик чеклаши мумкин. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, агентлик Корея Республикасига E-9 визаси билан жўнаб кетишга тайёргарлик кўраётган фуқароларга мурожаат қилган. 2021 йил ноябрь ойидан Жанубий Кореяга фуқароларни вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда кириб бориши қайта йўлга қўйилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 6 январь куни 65 нафар биринчи маротаба шартномаси келган ҳамда 35 нафар қайта шартнома билан келган фуқаро вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Жанубий Кореяга жўнатилган.

Фуқаролар мамлакатда тан олинган вакцина билан эмлангани ҳамда кетишдан 72 соат олдин олинган ПЗР тести натижасига кўра COVID-19 инфекцияси аниқланмаганига қарамасдан, Корея ҳудудида кириб борган ўзбекистонликларда коронавирус инфекцияси қайд этилган.

Хусусан, 2021 йил 23—30 декабрь кунлари жўнаб кетган фуқароларнинг 1 нафарида, 2022 йилнинг 6 январь куни жўнаб кетган 98 нафар фуқаронинг 6 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган. Шу сабабли Жанубий Корея томонидан Ўзбекистон учун ушбу давлатга кириб борувчи фуқаролар сони қисқариши, ҳаттоки, вақтинчалик тўхтатилиши каби чекловлар қўйилиши мумкин.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, агентлик фуқароларнинг мамлакатга чекловларсиз кириб боришини таъминлаш мақсадида қуйидаги чораларни қўллаган:

Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан жўнаб кетиши тасдиқланган фуқаролар кетишдан олдин жами 3 марта ПЗР тестидан ўтишлари белгиланди;

фуқарода Корея Республикасига боргач, COVID-19 инфекцияси аниқланса, барча харажатлар фуқаро томонидан амалга оширилади.