«Ўзбекистон фуқароси нафақат ўзининг қорни, балки Ўзбекистон, деб яшаши керак», — Алишер Қодиров мигрантларни солиққа тортиш таклифига изоҳ берди

«Ўзбекистон фуқароси нафақат ўзининг қорни, балки Ўзбекистон, деб яшаши керак», — Алишер Қодиров мигрантларни солиққа тортиш таклифига изоҳ берди

Пайшанба куни президентликка «Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодиров тошкентлик сайловчилар билан учрашди.

Учрашув сўнггида номзод «Газета.uz» мухбирига ўзининг мигрантлар масаласида билдирган фикри ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгани юзасидан изоҳ берди.

«Бу мавзу Андижонда кўтарилди. Андижондан қайтиб келганимиздан кейин мен хасталаниб ётиб қолдим. Шу вақтда менинг оилам, сайлов кампаниясидаги дўстларим мени интернетдан узишди. Лекин ўзим шу мавзу юзасидан турли фикрлар бўлаётганини тахмин қилдим», — дейди у.

Алишер Қодировнинг сўзларига кўра, у «бугун ижтимоий тармоқларда ўз постларини қўйишга тайёргарлик кўрмоқда».

«Лекин бир нарсани айтишим керак. Мен сайлов бошланишидан олдин ҳам айтганман — ҳақиқат оғир ва аччиқ бўлади. Биз ёқиш учун ширин гапларни гапирмоқчи эмасмиз. Ўзбекистон бугун бир қатор муаммоларни ҳал қилиши шарт. Ва шу муаммолардан биттаси айнан миграция билан боғлиқ. Мен иккита масалани алоҳида айтганман миграциядан олдин. Биз яқин 10 йиллар ичида меҳнат ресурсларимизни хорижга экспорт қилишга мажбурмиз. Чунки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш даражаси барча меҳнат ресурсларимизни Ўзбекистоннинг ичида иш билан таъминлаш имкониятини бермайди», — дейди Алишер Қодиров.

Номзод Ўзбекистон «яқин минтақа давлатлар ва дўст бўлган давлатларнинг меҳнат бозоридаги бўшлиқлардан самарали фойдаланишимиз керак"лигини қўшимча қилди.

«Андижонда айтган фикрларимнинг айнан шу қисмлари тушиб қолган. Фақат керакли қисмлари олинган, лекин шу гаплар ўша ерда ҳам айтилган. Мен айтяпман, биз ҳамон меҳнат ресурсларимизни хорижга экспорт қилишга мажбур эканмиз, иқтисодий ҳолатимиз шуни тақозо қилар экан, биз меҳнат мигрантларимизни мунтазам тайёрлаб боришимиз керак. Нимага? Биринчидан, ҳақ-ҳуқуқларини тўғри тушунадиган, ҳуқуқ ва мажбуриятларини англайдиган ва уларга риоя қиладиган фуқароларни тайёрлашимиз керак. Дунёнинг қайси чеккасида ишлашидан қатъий назар ўз ҳақ-ҳуқуқларини англасин. Ўзининг қадрига етсин. Мана бу бизнинг асосий вазифаларимиздан биттаси бўлиши керак», — дейди президентликка «Миллий тикланиш» партиясидан номзод.

«Иккинчи масала, мен юқорида айтиб ўтган масала. Дунёнинг қайси чеккасида ишласа ҳам у Ўзбекистоннинг фуқароси. У дунёнинг қайси чеккасида ишлашидан қатъий назар „ватаним“, деб қайтиб келадиган жойи, мана шу жой бўлади», — дейди у.

Алишер Қодиров Ўзбекистон пандемия даврида 100 трлн сўмга яқин маблағ сарф қилганини маълум қилди.

«Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилиш учун, уларнинг соғлигини тиклаш учун сарфланди. Мен билмайман бошқа бир давлатда меҳрибончилик қилиб, ётқизиб даволанганини. Буни ҳам нотўғри тушунманглар. Масалан, Россияда бизнинг фуқаролар ётқизиб даволанди. Биз пул бердик. Биз шароит яратдик, фуқароларимиз изоляциясига пул тўладик. Уларнинг шароити учун Ўзбекистон пул тўлади. Мана шу ҳаракатларнинг ҳаммасига 100 трлн сўмга яқин пул кетди. Бу Ўзбекистоннинг маблағи. Бу маблағ осмондан тушгани йўқ. Бу маблағ Ўзбекистон фуқароларининг тўлаган солиқларидан иборат маблағлар», — дейди у.

Алишер Қодиров «Ўзбекистоннинг фуқароси нафақат ўзининг қорни, балки Ўзбекистон, деб яшаши кераклигини» айтди.

«Ўзбекистонда ишлаётганлар кўп ойлик олишаётгани йўқ. Ўйлаб қаралса хорижга ким ишга кетади? Ўзбекистонда топаётган даромадидан кўнгли тўлмаган одам ишга кетади. Ўзбекистонда битта ўқитувчи 3−5 млн сўм ойлик оляпти. Етяпти, деб ўйлайсизми? Албатта, етмаяпти. Шунинг учун хорижга „бундан кўпроқ топаман“, деб кетяпти. Биламан, у ўша давлатга бориб, солиқ тўланяпти. Ўша давлатларнинг тараққиёти учун ҳисса қўшиляпти», — дейди номзод.

«Бугун хорижда ишлаб юрган бизнинг фуқаромиз ўша давлатдан олаётган фойдасининг ўзига нисбатан 10 каррасини ўша давлатга кўпроқ фойда беряпти. Арзон бўлмаганда у давлатлар ҳеч қачон ишлатмаган бўларди. Ўзида ишламагани учун ишлатяпти. Мени ҳақорат қилиш мумкин. Лекин Ўзбекистонни ривожлантирайлик. Агар мени ҳақорат қилиш, сўкиш ҳисобига Ўзбекистон ривожланадиган бўлса мен тайёрман», — дея қўшимча қилади Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, «Миллий тикланиш» партияси номзоди сайловчилар билан мулоқотда мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини билдирганди. «Келинглар энди яна ҳам ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўзининг солиғини мамлакат тараққиёти учун тўласин», — деди у.