Ўзбекистон Гаага конференциясига қўшилди. Бу бизга нима беради?

Ўзбекистон Гаага конференциясига қўшилди. Бу бизга нима беради?

Фото: Адлия вазирлиги

Айни кунларда адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Нидерландиянинг Гаага шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турибди. Ташрифдан мақсад Ўзбекистон Республикасининг Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси (ХХҲГК)га аъзо бўлиши жараёнининг якунланиши ва ташкилотга тўлақонли расмий аъзо бўлишдан иборат.

4 март куни Ўзбекистон ушбу ташкилотга расман аъзо бўлди.

Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси шу кунгача ўзида 83 иштирокчини жамлаган бўлиб (82 давлат ва Европа иттифоқи), эндиликда унга Доминикан ва Ўзбекистон Республикалари ҳам аъзо бўлишди ва аъзолар сони 85 тага етди.

Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бу ташкилотга Ўзбекистон нима учун аъзо бўлгани ва бу аъзолик халқимизга нима беришини изоҳлаб берди.

Глобализация асрида кўпгина ҳуқуқий масалалар миллий чегаралардан чиқиб кетмоқда. Яъни турли мамлакатлар қонунчилигидаги турлича жиҳатлар ўрни келса бир инсон тақдирида кесишиб, айрим ўринларда зиддиятга киришмоқда ёки шунчаки ноқулайликлар туғдирмоқда. Масалан, бир давлатда берилган ҳужжатни бошқа бир давлатда тан олинишини таъминлаш, маълум мамлакатда туғилган гўдакни бошқа юртга фарзанд қилиб олиб кетиш ёки фуқаро фарзандини она ватанида эмас, мусофирчиликда дунёга келтириши ҳолатлари кўплаб учраяпти. Бунда ҳуқуқий масалаларнинг ортиқча зиддиятлар ва бюрократиясиз ҳал этилиши ҳам инсонларга, ҳам давлатларга фойдалидир. Шу сабабли жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ўзаро келишиб, турли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва халқаро ташкилотлар фаолияти орқали ҳамкорлик қиладилар ҳамда ўзаро ҳуқуқий мувофиқлаштирув ҳаракатларини амалга оширадилар. ХХҲГК айнан шундай ташкилотлар жумласидандир.

Шу пайтгача ХХҲГК доирасида 40 дан ортиқ конвенциялар имзоланган бўлиб, улар қуйидаги 3 асосий йўналишга бўлинади:

  • болаларни халқаро ҳимоя қилиш, оилавий ва мулкий муносабатлар;
  • халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик ва низоларни бартараф этиш;
  • халқаро тижорат ва молиявий ҳуқуқ.

Халқаро хусусий ҳуқуқ меъёрларини бирхиллаштириш Ўзбекистон учун ўта долзарб масала экани шубҳасиз. Чунки миграциянинг шиддат билан ўсиши, турли соҳаларда хорижий унсурга эга фуқаролик-ҳуқуқий низоларнинг кўпайиши туфайли зудлик билан ечилиши лозим бўлган масалалар юзага келмоқда.

Шунга кўра, Гаага конференцияси доирасида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган нормалар халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига сезиларли ижобий таъсир ўтказиши кутилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон учун Гаага конвенцялари янгилик эмас, шу кунгача биз улардан учтасига аъзо бўлганмиз. Хусусан, Фуқаролик жараёни масалалари бўйича конвенция (1954), Чет эл расмий ҳужжатларини легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (1961), Халқаро болаларни ўғирлашнинг фуқаролик жиҳатлари бўйича конвенция (1980).

ХХҲГК га аъзо бўлиш бизга нима беради?

Юқорида айтиб ўтилганларни умумлаштириб, Ўзбекистон учун, хусусан, унинг фуқаролари учун ХХҲГКга аъзо бўлишдан қуйидаги манфаатлар юзага келишини айтиб ўтиш мумкин:

1. Халқаро-ҳуқуқий ёрдам тизими соддалашади ва осонлашади.

2. Халқаро-ҳуқуқий ёрдам эҳтиёжига учраган фуқароларга кенгроқ имкониятлар яратилади.

3. Фуқаролик-ҳуқуқий соҳага оид халқаро низолар самарали, тез ва кам харажат билан бартараф этилади.

4. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига ижобий таъсир бўлади.

5. Ўзбекистонда халқаро хусусий ҳуқуқ илмининг ривожланишига ёрдам беради.

Булар билан бир қаторда мазкур халқаро ташкилот фаолиятида Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзо сифатидаги фаолияти келажакда қабул қилинадиган халқаро ҳужжатларда бизнинг миллий манфаатларимизни ҳам акс эттириш имконини яратади.

Ташриф Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кўмагида амалга оширилмоқда.