Ўзбекистон гилам тўқиш компанияси Нью-Йоркда савдо уйини очди

Ўзбекистон гилам тўқиш компанияси Нью-Йоркда савдо уйини очди

Гилам тўқишга ихтисослашган Ўзбекистоннинг “SAG” компанияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўз савдо уйи фаолиятини йўлга қўйди. У ерда “SAG” гиламлари билан бир қаторда “Гулнор” бренди остида ипакдан тўқимачилик маҳсулотлари тақдим этилади. Бу ҳақда мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасига таяниб Халқ сўзи газетаси хабар бермоқда.

“SAG” компанияси менежери Саида Ҳакимованинг айтишича, мазкур савдо уйи юртимизда ишлаб чиқарилган турли маҳаллий товарларнинг кўргазмалари ва ярмаркаларини ўтказиш учун тижорат майдони вазифасини ҳам бажариб беради.

Жумладан, янги “шоу-рум”га ташриф буюрганлар ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари сифати ҳамда ранг-баранглигига юксак баҳо берди.

Бугунги кунга келиб юртимиз компаниялари томонидан Филаделфия ва Нью-Йоркдаги иккита савдо уйига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳамда умумий қиймати қарийб 300 минг долларлик 32 тонна гилам ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берилди. Қўшимчасига 350 минг долларлик товарлар юборилди.

“Гулнор”, шунингдек, Нью-Йорк шаҳри мезбонлик қилган New York NOW” халқаро фестивалида ҳам қатнашди. Унда мамлакатимиз ва мезбонлар қатори дунёнинг 80 давлатидан 2300дан зиёд брендлар ҳам ҳозир бўлди. Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари, Франция, Италия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тайван, Австралия кабилар шулар жумласидандир.

Маълумот учун. 2000 йил Самарқанд шаҳрида асос солинган “SAG” савдо белгиси гиламлар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиё ва МДҲдаги етакчи корхона ҳисобланади ҳамда йилига 12 млн. метр квадрат шу турдаги маҳсулот етказиб беради.

Шаҳрисабзлик ҳунарманд Гулнора Одиловага тегишли “Гулнор” компаниясида эса ипакдан тўқимачилик маҳсулотлари тайёрланади. Айни пайтда мазкур корхонада қашқадарёлик 200дан ортиқ хотин-қизлар фаолият юритиб келяпти. Гулнора Одилова Нью-Мексико штати Санта-Фе шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Халқ амалий санъати халқаро бозори”( International Folk Art Market, IFAM)нинг доимий иштирокчисидир.