Ўзбекистон ҳукуматида жиддий ўзгаришлар юз берди

Ўзбекистон ҳукуматида жиддий ўзгаришлар юз берди

Молия вазири Жамшид Қўчқоров ўз лавозимидан озод этилиб, молия вазири этиб биринчи ўринбосари — Тимур Ишметов тайинланди. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган селектор мажлисида маълум бўлган.

Жамшид Қўчқоров Молия вазирлиги лавозимидан олинган ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимига тайинланган.

У янги лавозимда Ботир Хўжаев ўрнида иш бошлайди. Шу билан бирга бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолади. У бош вазир ўринбосари сифатида камбағалликни қисқартиришга ҳам масъул бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Жамшид Қўчқоров 2017 йил ноябрида Молия вазири этиб тайинланган, 2019 йил февралидан Бош вазир ўринбосари — Молия вазири сифатида ишлаб келаётган эди.

Тимур Ишметов 2019 йилнинг май ойида молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. Аввалроқ у Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Маълумот учун, Тимур Ишметов 1979 йилда Тошкентда туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтини, 2005 йилда Birmingem университетининг International Money and Banking йўналишида магистратура босқичини, 2007 йилда Тошкент юридик университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Марказий банк иқтисодчиси лавозимидан бошлаган. 2017 йил апрелигача турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Жумладан, турли вақтларда Марказий банкнинг Монетар операциялар департаменти, Халқаро резервларни бошқариш департаменти, Ички валюта бозоридаги операциялар ва Валюта бошқаруви ва назорати департаментига раҳбарлик қилди.

Тимур Ишметовнинг ўрнига Насриддин Хўжаев молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланиши кутилмоқда.

Шу кунга қадар иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимида ишлаб келган Ботир Хўжаев эса бош вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. У ҳукумат раҳбарига саноат ва кооперациялар бўйича маслаҳатчи бўлади.

Нодир Отажонов эса бош вазир маслаҳатчиси лавозимидан озод этилиб, «Ўзагротехсаноат» ташкилотидаги раҳбарлик лавозимини сақлаб қолган.