Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган корхоналар мамлакат иқтисодиётида қандай роль ўйнашини таҳлил қилди.
Tадқиқот мамлакатимиз иқтисодиётида хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган корхоналарнинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатди.
2017-2021 йиллар оралиғида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 2,7 бараварга ошиб, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 13,2 мингтага етган.
Иқтисодиётимизга инвестиция киритаётган 50 дан ортиқ мамлакат орасида Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Жанубий Корея етакчилик қилмоқда. Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар асосан иқтисодиётнинг саноат (30,6%) ва савдо (28,5%) соҳаларида фаолият юритмоқда.
Чет эл капитали иштирокидаги корхоналарда иқтисодиётда расман банд аҳолининг 6% и фаолият юритади, бироқ ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқаришдаги улуши 15% ни, асосий капиталга инвестициялардаги улуши эса 24% ни ташкил этади.
Бундай корхоналар республикадаги жами корхоналарнинг 2,5% ини ташкил этсада, 2021 йилда мамлакат ташқи савдо айланмасининг 19,8% и, экспорт ва импортнинг мос равишда 19,7%и ва 25%и уларнинг ҳиссасига тўғри келган.
Таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатувчи хўжалик субъектларининг энг самарадор ва энг фаол қатлами ҳисобланади.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра, келгуси 5 йилда иқтисодиётга 70 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда 2026 йилга бориб, экспорт ҳажмини 30 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган.
Ушбу мақсадларга эришишда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сонини ошириш, шунингдек, уларнинг экспорт фаолиятини рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга.