Ўзбекистон Миллий гвардияси янги ваколатларга эга бўлади

Ўзбекистон Миллий гвардияси янги ваколатларга эга бўлади

Ўзбекистон Миллий гвардияси янги ваколатларга эга бўлади. Ушбу ваколатлар ҳақида Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган маҳалла ва оиладаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этишга бағишланган видеоконференцияда маълум қилинди.

Тузилма ходимлари аҳоли гавжум жойларда мустақил патрулликни олиб бориши лозим. Мутасаддиларга бу борада ташкилий-ҳуқуқий чораларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, ўтган йили жиноятлар сони 2922 тага камайган, аммо шу билан бирга маҳаллада жиноятчилик сони 20 фоизга ошган.

Президент одамларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши учун ҳар бир маҳалланинг ўзига хос "қулф ва калити" бўлиши кераклигини таъкидлади.

Криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда алоҳида чора-тадбирлар амалга ошириш кераклигини, агар керак бўлса, қўшимча куч ва маблағларни, шу жумладан маҳаллий бюджетдан жалб этиш бўйича махсус чоралар кўриш буюрилди.

Эндиликда маҳалладаги вазиятга профилактика инспектори билан бирга Миллий гвардия ҳам бирдек жавоб беради. Шу боис Миллий гвардиянинг ҳуқуқбузарларни аниқлаш, ушлаш, уларга чора кўриш ваколатларини такомиллаштириш зарур. Ушбу тузилма ходимлари аҳоли гавжум жойларда мустақил патрулликни олиб бориши лозим, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин генерал-майор Рустам Жўраев Ўзбекистон Миллий гвардиясининг қўмондони этиб тайинланган эди.