Ўзбекистон НАТОни хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда муҳим ҳамкор деб кўрмоқда

Ўзбекистон НАТОни хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда муҳим ҳамкор деб кўрмоқда

Ўзбекистоннинг НАТОдаги миссияси раҳбари, элчи Дилёр Ҳакимов 25 октябрь куни Шимолий Атлантика альянси бош котибининг сиёсий ва хавфсизлик масалалари бўйича янги тайинланган ўринбосари, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакил Хавьер Коломин билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон альянсни замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда муҳим ҳамкор деб билиши ва томонлар учун манфаатли бўлган масалаларнинг бутун кўлами бўйича алоқаларни ривожлантириш тарафдори экани таъкидланди.

Қўшма саъй-ҳаракатлар самарасида Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги мулоқот ҳар икки томон манфаатлари йўлида ривожланишда давом этиши қайд этилди. Ҳарбий қурилиш соҳасидаги туб ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Қуролли кучларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.

«Бу жараёнда ҳарбий хизматчиларнинг касб маҳорати ва малакасини ошириш, уларни интеллектуал ва психологик тайёрлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Бу борадаги муҳим йўналишлардан бири хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Учрашувда альянснинг «Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик» дастури доирасида Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.