Ўзбекистон Республикаси олимлари томонидан яратилаётган икки вакцина – Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг коронавирус С оқсили асосидаги рекомбинант вакцинаси ҳамда Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика марказининг SARS-CoV-2 оқсил бўлагининг уч соҳаси: пcДНА3 1 (+) плазмидасига қўйилган НТД, РBD ва ҲР1-ҲР2 вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг номзод вакциналар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.
Ҳозирда мазкур икки вакцина клиник олди синовлардан ўтмоқда.
ЖССТнинг маълумотлар базаси COVID-19 вакцинасига қарши номзод-вакциналар тўғрисида тўлиқ маълумотларни йиғиб боради. Мазкур база мунтазам равишда, ҳафтасига икки марта янгиланади. Унда COVID-19’га қарши номзод-вакциналарнинг клиник ва клиник олди жадвали келтирилган бўлиб, номзод-вакциналарни таҳлил қилиш имкониятини беради.
Ҳар бир вакцинанинг 1-фаза, 2-фаза ва 3-фаза синовлари кузатилади. Вакциналарнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги тўғрисидаги илмий мақолаларга ҳаволалар берилади. Шунингдек, бу база ҳар бир номзод-вакцинанинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Ўз навбатида мазкур платформа орқали COVID-19 қарши яратилаётган вакциналар турли критерийлар, хусусан вакцина платформаси, вакцинация графиги, қўллаш усули, ишлаб чиқарувчиси, синов фазаси, клиник натижалар бўйича таснифланган.