Ўзбекистон ўзининг энг иқтидорли ва моҳир шахматчиларини йўқотмоқда

Ўзбекистон ўзининг энг иқтидорли ва моҳир шахматчиларини йўқотмоқда

Ўзбекистон ўзининг энг иқтидорли ва моҳир шахматчиларини йўқотмоқда. Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШ номидан халқаро мусобақаларда қатнашаётган бўлса, унинг опалари — Ўзбекистон тарихида аёллар ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер мақомини олган Нафиса Мўминова ва Ҳулкар Тоҳиржоновалар терма жамоадан четлатилган. Федерасияни яна бир иқтидор эгаси, турли ёш тоифаларида 6 карра жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоров тарк этиши мумкин.

Жавоҳирнинг айтишича, худди шундай муаммолар сабаб кучли шахматчи ва гроссмейстерлар — Темур Гареев, Антон Филиппов Темур Кўйбакоров ва бошқалар ўз федерасиясини алмаштиришга мажбур бўлган.

Муаммолар йиллар давомида йиғилиб охири «портлаган» бир вазиятда, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги антиқа баёнот билан чиқди. Эмишки, Ўзбекистон шахмат федерасияси ҳамда мамлакатимизнинг энг иқтидорли шахматчилари ўртасида юзага келаётган ушбу муаммоли вазиятга вазирлик бефарқ қараб турмайди.

Шу мақсадда «Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мавжуд вазиятни холисона ўрганиш ва муаммога адолатли ечим топиш мақсадида Г.Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан учрашган. Унда Гулруҳбегимнинг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлганлиги, истеъдодли шахматчи Ўзбекистон терма жамоасига қайтарилиши, халқаро майдонларда жонажон Ватанимиз байроғини ҳимоя қилишга тайёрлиги каби масалалар ҳам муҳокама қилинган»

«Шунингдек, ёш ва умидли шахматчимиз Ж.Синдоровнинг бобоси Комил Синдоров ва яна бир қанча шахмат мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг дарди тингланди. Шахматчиларнинг оиласи ва Ўзбекистон шахмат федерасияси билан ўзаро муносабатлари ўрганилди. Таъкидлаш керак, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Жавоҳир Синдоров каби умидли спортчи ёшлар Ҳукуматимиз ва халқимизнинг доимий эътиборида», — қайд этилади баёнотда.

Бу — вазирликнинг шахмат федерасиясида юзага келган жиддий масала юзасидан баёнотими ёки маҳалла раисининг бир-бири билан чиқиша олмайдиган эр-хотинни мажбурлаб яраштириш мажлисидаги баённомасими?!

Факт шуки, иқтидорли ва таниқли шахматчилар бекордан-бекорга федерасияни тарк этмайди. Уларнинг сони бир эмас, бир нечта! Бу ҳали биз билганларимиз. Очиқланмаган ҳолатлар бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Шундай вазиятда Ўзбекистонда спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи (вазирлик ўзига шундай изоҳ берган) «қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит» қабилидаги баёнот билан чекланиши муаммо аслида тизимда эканини ўз-ўзидан фош этиб қўяди.
Спорт — профессионалликни талаб этади. Ишини профессионал йўлга қўйган вазирлик масалага аниқ ечим топади, зўрма-зўраки «яраштиришлар» билан шуғулланмайди-деб ёзмоқда "Хабар.уз"