Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 5 миллиард долларга етказмоқчи

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 5 миллиард долларга етказмоқчи

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни ўсимликлар карантини соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда давлат раҳбари соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимот билан танишиб, навбатдаги вазифаларни кўрсатиб ўтди.

Маълум қилинишича, келгуси йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. Бунинг учун соҳанинг илмий салоҳиятини ошириш, халқаро сертификация тизимини татбиқ этиш керак. Шу боис давлат раҳбари бу бўйича йирик илмий марказ ташкил этиш таклифини илгари сурди. Фан билан амалиёт уйғунлигини таъминлаш, экспортчи корхоналар мутахассисларига халқаро фитосанитар талабларни тушунтириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида ҳам халқаро фитосанитария талаблари ўқитилади.

Фото: president.uz

Бугун соҳада хусусий сектор иштирокида ўсимликлар 205 та клиникаси, 690 та биолаборатория мавжуд. Сифат ва рақобатни таъминлаш мақсадида бундай хусусий клиника ва биолабораторияларни кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.

Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига 1 декабрга қадар ўз маълумотлар базасини божхона органларининг «Ягона дарча» электрон тизимига тўлиқ интеграция қилиш вазифаси қўйилди.