Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарининг ўғлига тегишли компания 9,9 млрд сўмлик тендерда ғолиб чиқди

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарининг ўғлига тегишли компания 9,9 млрд сўмлик тендерда ғолиб чиқди

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази in vitro усулида етиштирилган 1 миллион дона узум кўчатини сотиб олиш бўйича танлов ўтказди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2021 йил 2 апрелдаги Президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларини бажариш мақсадида қабул қилинган 70-сонли буйруғи сотув учун асос сифатида кўрсатилган. Молиялаштириш манбаси — Спиртли ичимликлар ва тамаки бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг ҳомийлик маблағлари (2021 йилда ушбу агентликнинг Тараққиёт жамғармасига давлат бюджетидан 40 миллиард сўм тушган). Тендернинг чегараланган қиймати 10 миллиард сўм этиб белгиланган.

Тендер комиссияси раиси этиб Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори ўринбосари Ш.Аҳмедов кўрсатилган. Харид таклифлари De Nova Agro, Hayot Technology ва Grand Print Leader компанияси томонидан тақдим этилган. Бироқ Grand Print Leader ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами йўқлиги сабабли танловнинг иккинчи босқичида қатнаша олмаган.

Комиссия тендер ғолиби сифатида De Nova Agro’ни танлади. Компания 9 миллиард 950 миллион сўм таклиф қилган, бу эса Hayot Technology таклиф қилган нархдан 40 миллион сўмга кам.

30 август куни Қишлоқ хўжалигидаги билим ва инновациялар миллий маркази De Nova Agro билан 9,95 миллиард сўмлик узум кўчатларини етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолади.

Davletovuz Telegram канали тендерда манфаатлар тўқнашуви бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди. Унга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги миллий марказнинг бош директори Алишер Мелсович Тўраев бўлиб, у айни пайтда қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимини эгаллаб турибди. «Stat.uz» сайтида 20 сентябргача Анаис Алишеровна Тўраева (эҳтимол Алишер Тўраевнинг қизи) De Nova Agro директори этиб кўрсатилиб келинган эди. Ҳозир компания раҳбарнинг исми Стрелковских Екатерина Дмитриевнага ўзгартириб қўйилган.

Компания сайтида айтилишича, De Nova Agro 2006 йилда профессор Алишер Тўраев томонидан ташкил этилган.

«Gazeta.uz» De Nova Agro’нинг ягона асосчиси (100 фоиз улуш) Алишер Тўраевнинг ўғли Бекжон Тўраев эканини аниқлади.

Бекжон Тўраев, шунингдек, Анаис Тўраева раҳбари бўлган Greencell (меҳмонхоналар ва шунга ўхшаш яшаш жойлари)нинг ягона асосчиси сифатида рўйхатга олинган.

Алишер Тўраевнинг ўзи илгари De Nova Agro ва тугатилган De Nova Seeds компаниясининг директори ҳамда асосчиси бўлган. Ҳозир у O‘simliklar Texnologiyasi компаниясининг 50 фоиз акцияларига эгалик қилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати нашрнинг илтимосига биноан яқин вақт ичида вазиятга изоҳ беришларини маълум қилди.