Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон қуруқ гап билан иттифоққа кирмайди
12.11.2019 12:47,  
2142

Расмий Тошкент ЕОИИга киришдан олдин кафолат олишни истайди.

Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кириши ҳақидаги муҳокамалар алоҳида мавзуга айланяпти. Энди унда мутахассисларгина эмас, дипломатлар ҳам қатнашяпти. "Коммерсантъ" нашрининг суҳбатдошига кўра, расмий Тошкент ўзининг саноати ва бошқа иқтисодий соҳалари учун кафолат олишни хоҳлайди. Шунга қарамай Москва ўзбек томони ЕОИИга кириш аризасини топширишни кўп кечиктирмайди, деган фикрда.

Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши мавзуси “Марказий Осиё ва Евросиё: глобал тартибсизлик таҳдидлари олдидан кўп томонлама ҳамкорлик” конференциясида кўтарилди. Бу форум “Валдай” муҳокамалар клуби ва Ўзбекистондаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг ўзаро ҳамкорлигида, 10-11 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида ташкиллаштирилди.

Унда мутахассислардан ташқари Россия номидан МДҲ давлатлари учинчи департаменти (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) раҳбари Александр Стерник ва РФнинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев; Ўзбекистон номидан Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Сенатнинг Халқаро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси раиси Алишер Курманов ва Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги бошқарма раҳбарлари иштирок этди.

Аслида форум муҳокамалари рўйхатида ЕОИИ йўқ эди. Аммо матбуот учун ёпиқ эшиклар ортида ўтган Россия-Ўзбекистон икки томонлама сессиясида расмий Тошкентнинг иттифоққа кириши масаласи асосий мавзулардан бири бўлган. "Коммерсантъ" суҳбатдошига кўра Ўзбекистон вакиллари Россия ва ЕОИИнинг бошқа аъзоларидан жавоб олиниши керак бўлган саволларни очиқлаган.

Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши мавзуси жорий йил октябр ойидан бери муҳокама қилиб келиняпти. Бир ой олдин Тошкентга борган Россия Федерациялар Кенгаши спикери Валентина Матвиенко “Ўзбекистон иттифоқ аъзолигига тайёрланаётгани” ҳақида баёнот берганди. Аммо ҳалигача тўлиқ музокаралар ҳақида гап кетмаган.

"Коммерсантъ" нашрининг Россия давлат тузилмаларидаги манбаларига кўра “Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши бўйича мутахассислар музокаралари бошланган ва соҳалар бўйича маслаҳатлашувлар кетяпти”.

Ўзбекистон вакиллари эса ЕОИИ мавзусида анча эҳтиёткорона муносабат билдиряпти. Самарқандда Ўзбекистон ТИВ вакиллари "Коммерсантъ" билан суҳбатда “иттифоққа аъзо бўлишнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ўрганилаётгани” ҳақида маълум қилган, бироқ батафсил изоҳ беришдан бош тортган.

Сенатор Алишер Курманов республикада ЕОИИга қўшилиш мавзусида муҳокамалар бошланганини айтиб, жараёнга куч билан таъсир қилмасликка чақирган. “Мутахассисларимиз барча томонларини кўриб чиқиш ва керакли нуқтани қўйиш учун мавзуни ўрганишяпти. Шундан кейингина бу масалада изоҳ бериш нисбатан фойдали бўлади”, деган у "Коммерсантъ"га.

Ўзбекистонга қандай кафолатлар керак?

Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази илмий раҳбари Тимофей Бордачевнинг қайд этишича, расмий Тошкент моддий кафолатларни олишни истайди. “Уларда саноат бор, давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган иқтисодий соҳалара ва компаниялар бор. Улар мана шуларнинг ҳаммаси сақланиб қолишини хоҳлайди. Шунинг учун Ўзбекистон иттифоққа кирганида биз бу манфаатларни қандай таъминлаб беришимиз ҳақида савол қўйишяпти. Улар давлат қўллаб-қувватловини сақлаб қолишмоқчи”, дейди мутахассис. Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ЕОИИга киришининг эҳтимолий фойдалари бўйича биронта ҳам тадқиқот ўтказилмаган.

Москва Давлат Халқаро Муносабатлар Институтидан мутахассис Иван Сафранчук ўзбек автосаноатини мисол қилиб келтиради: “Ўзбекистон учун асосий масала – ташқи бозорларни очиш. Аммо ЕОИИга кириш – бу нафақат ташқи бозорлар, балки ўз бозорларини очишни ҳам англатади. Бу эса маҳаллий автосаноатга катта зарба бўлади”.

"Коммерсантъ"нинг Москва дипломатик доираларидаги ҳамсуҳбатлари тез орада расмий Тошкент ЕОИИга кириш аризасини топширишини кутаётганликларини айтди. Энг некбин тахминларга кўра бу шу йил охиригача ёки 2020 йилда содир бўлади. Аммо бу масала бир неча йиллардан кейин ҳал бўлади, деб ҳисоблаётганлар ҳам бор.

Тимофей Бордачевнинг фикрича узоқ муддатли музокаралар бўлмайди: “Биз Европа эмасмиз. Бизда узоққа чўзиладиган музокара бўлмайди. Ҳамма нарса тез ҳал қилинади ёки умуман бўлмайди. Бу ерда узоқ муддатли истиқбол ҳақида гап кетяпти, деб ўйламайман”, деган у.

ЕОИИга кириш Ўзбекистоннинг ўзи учун фойдали, аммо бундан олдин қаттиқ савдолашилади

Самарқандда ўз ишини якунлаган “Валдай” халқаро муоҳкамалар клубининг илмий тадқиқотлар бўйича директори Федор Лукянов Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши ҳақида гапириб, бу унинг ўзи учун фойдали бўлишини айтди.

“Умумий вазият шундайки, минтақадаги интеграция жараёнларидан қочиб бўлмайди. Бир томондан мамлакатнинг эркинлиги, бошқа томондан умумий ривожланиш учун муайян мавқега рози бўлиш талаб этилади. Бу маънода Ўзбекистонда танлов кўп эмас. Украина ва Молдовадан фарқли равишда Европа Иттифоқи бу мамлакат учун тўғри келмайди. Хитой эса ким биландир ҳамкор бўлиб эмас, мустақил равишда ўз лойиҳаларини амалга оширади. Айни вазиятда Евросиё иқтисодий иттифоқи энг муносиб майдон бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиёсий қарор расмий Тошкентнинг ўзида бўлади, у барча ижобий жиҳатларни ҳисобга олиши ва ўзига керакли соҳаларни ҳимоя қилиши мумкин”, деди Лукянов.

Яна унинг қўшимча қилишича, “Барча давлатларнинг иқтисоди турлича. Ўзбекистон ЕОИИга киришида қаттиқ савдолашади, бундан қочиб бўлмайди. Масалан, Евроиттифоққа киришдан олдин Полша узоқ вақт ўз мавқеини ҳимоя қилган. Чехия эса тез орада ўзига мос келадиган фойдали вазият билан иттифоққа кирган. Агар икки ўртада келишувга эришилса, бундан ҳамма ютади”.

Ўзбекистон ЕОИИга кирса, Россиядаги меҳнат муҳожирларининг барча муаммолари ҳал бўладими?

Хельсинки университети тадқиқотчиси Шерзод Эралиев Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишида асосий омил сифатида кўрсатилаётган “меҳнат муҳожирларимизнинг ҳаёти кескин яхшиланиши, мамлакатнинг иттифоққа аъзолиги ортидан улар орттирган триллионлаб сўмлар Ўзбекистонга келиши” тўғрисидаги фикрлар етарли асосга эга эмаслигини Қирғизистон мисолида исботлаб берди.

Унинг мақоласида келтирилишича, “ЕОИИга аъзо мамлакат фуқаролари бўлишларига қарамай камида икки юз минг нафар қирғизистонлик Россияда меҳнат шартномаларисиз ишлашга мажбур. Шартномасиз ишлаш дегани ваъда қилингандан кам ойлик бериш ёки айрим ҳолларда бермаслик, белгиланган соатлардан ортиқ ишлатиш, соғлик ёмонлашганда ижтимоий ҳимоя ва тиббий суғурта имконсизлигини англатади. Яъни Россиядаги қирғизистонликларнинг 1/3 қисмига ўз мамлакатининг иттифоққа аъзолиги ҳеч қандай наф келтирмади, дейиш мумкин. Айни пайтда Россияда ўзбекистонликларнинг сони 2 миллион нафардан кўплигини инобатга олсак, Ўзбекистон ЕОИИга қўшилган тақдирда ҳам 700 мингга яқин кишига аъзолик ортидан патент бекор бўлиши ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги мумкин”.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан