Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимларига табриги
15.04.2022 23:07,  
107

Қадрли юртдошлар!

Маданият ва санъат соҳасининг заҳматкаш ва фидойи вакиллари!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни мамлакатимизда илк бор нишонланаётган қутлуғ айём – Маданият ва санъат ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва самимий тилакларимни изҳор этаман.

Ҳаммамизга аёнки, инсон қалбига олижаноб фазилатлар, эзгу ҳис-туйғуларни сингдириб, жамиятни бирлаштириш ва тараққий эттириш, халқни, Ватанни дунёга тараннум этишда маданият ва санъатнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.

Юртимиз тарихига назар солсак, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс каби ноёб ҳодисалар аввало қадимий ва бой маданиятимиздан озиқланиб, ўлмас қадрият ва анъаналаримиз асосида вужудга келганини кўрамиз.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантириш, ўз олдимизга қўйган буюк мақсад – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда сиз, ҳурматли ижодкор зиёлиларимиз ҳал қилувчи куч сифатида майдонга чиқаётганингизни эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Бу ҳақда сўз юритганда, сўнгги йилларда соҳа ривожига қаратилган бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.

Айниқса, Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ҳамда «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ бу борадаги ислоҳотларнинг янги стратегияси қабул қилиниб, ҳаётга изчил жорий этилмоқда.

Коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқирозга қарамасдан, маданият ва санъат соҳасининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун давлатимиз томонидан зарур маблағ ва ресурслар ажратилиб, қулай имкониятлар яратилмоқда.

Аввало, Маданият вазирлиги замон талаблари асосида қайта ташкил этилиб, унинг марказий ва ҳудудий тузилмалари, турли ижодий ташкилот ва уюшмалар фаолияти такомиллаштирилди. Миллий санъатимизнинг ноёб турлари тикланиб, ўнлаб янги маданият ва санъат муассасаси фаолияти йўлга қўйилди, 15 га яқин театр, музей ва қўриқхоналар ташкил этилди. Жумладан, Ўзбекистон давлат филармонияси, Миллий мақом санъати ва Бахшичилик санъати марказлари, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари, Театр ва кино арбоблари уюшмалари, «Баҳор» давлат рақс ансамбли самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган қисқа даврда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали, Республика мусиқа ва санъат коллежи ҳамда Нукус опера ва бахшичилик мактаби ташкил этилди.

Юртимизда мақом ва бахшичилик санъатлари ҳамда ҳунармандчилик бўйича халқаро фестиваллар мунтазам ўтказиб келинаётгани миллий маданиятимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Натижада халқимизнинг қадимий ва бетакрор санъати дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. «Хоразм лазгиси» ва бахшичилик санъати ЮНEСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани бунинг яққол далилидир.

Соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида ҳам катта ишлар қилинмоқда. Айниқса, мамлакатимизда 15 апрель санаси Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгилангани бу йўлдаги янги қадам бўлди.

Муҳтарам юртдошлар!

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган юксак мақсад ва марраларимиз барча соҳалар қатори маданият ва санъат жабҳасида ҳам олдимизга долзарб вазифаларни қўймоқда.

Аввало, миллий маданиятимиз ва санъатимизда халқчиллик тамойилларини янада ошириш, уни том маънода эл-юртимизнинг қалби ва юрагини ифода этадиган, энг юксак халқаро мезон ва талабларга жавоб берадиган соҳага айлантириш – энг муҳим вазифадир.

Аҳоли, аввало, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни турли бузғунчи ғоялар, маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда биз сизлар каби минглаб фидойи маданият ва санъат намояндаларига таянамиз.

Бу борада улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий «ибратхона» деб таърифлаган театрларимизнинг ўрни ва таъсири катта эканини барчамиз яхши тушунамиз.

Ўтган йил декабрь ойида мамлакатимизда опера ва балет санъатини янада ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилиниб, бу борада зарур чора-тадбирлар белгиланганидан сизлар албатта хабардорсиз.

Бундан ташқари, маданият ва санъат олийгоҳлари талабаларини, нодавлат театр-студияларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интилишларини рағбатлантириш мақсадида жорий йилдан бошлаб энг яхши лойиҳалар учун давлат грантлари ажратилади.

Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишлари бўйича таълим олаётган битирувчилар, шунингдек, эркин ижод билан банд бўлган рассомлар фаолиятига ёрдам бериш, жумладан, ижодий устахоналар билан таъминлаш, «устоз-шогирд» анъаналарини кучайтириш масаласида ҳам қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Миллий кинематография соҳасини янада ривожлантириш мақсадида яқинда тубдан таъмирланган «Ўзбекфильм» киноконсернини замонавий ускуна ва қурилмалар билан жиҳозлаш ва уни йирик ижодий муассасага айлантириш бўйича бошлаган ишларимизни охирига етказамиз. Кино санъатининг туризм салоҳиятини юксалтиришдаги аҳамиятини инобатга олиб, нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, маданият ва санъат ташкилотлари, хусусан, ҳудудлардаги маданият масканларида меҳнат қилаётган кўп миллатли ижодий ва техник жамоаларни қўллаб-қувватлаш, юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш, уларнинг эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилишлари учун зарур шароит яратиб бериш ишлари янги босқичга кўтарилади.

Азиз санъаткорлар, муҳтарам соҳа фахрийлари!

Сизларни қутлуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни билан яна бир бор самимий табриклайман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, ижодий ва ижтимоий фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга тинчлик, бахту саодат ва фаровонлик тилайман.

Ҳамиша халқимиз ардоғида бўлиб юринг!

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан