Ўзбекистон Сенати прописка тизимига киритиладиган ўзгаришларни маъқуллади

Ўзбекистон Сенати прописка тизимига киритиладиган ўзгаришларни маъқуллади

Ўзбекистон Сенати 11 май, душанба куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисда «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади.

Киритиладиган ўзгаришларга кўра, «доимий прописка» сўзлари «яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» сўзларига алмаштирилмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган бошқа манзилдаги уй-жой майдонида ҳам доимий рўйхатда туриш имконияти яратилади.

Эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилинади.

Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Амалдаги қонунчиликда эса бу кўзда тутилмаган.

Илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олинади.

Тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинади.

Шунингдек, республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади.