Ўзбекистон совуқ об-ҳаво туфайли пиёз захираларининг бир қисмини йўқотди ва уни импорт қилишга мажбур бўлди, деб ёзади EastFruit.
"Пиёз шунчаки музлаб қолди, шундан сўнг бундай маҳсулотларни фақат утилизация қилиш мумкин, чунки улар эритилгандан кейин сотиш учун яроқсиз бўлиб қолди", дейилади хабарда.
2023 йилнинг 6 январидан 13 январигача Ўзбекистонда сариқ пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 5 000 дан 6 000 сўм/кг гача яъни 20 фоизга ошди.
2023 йил 13 январь ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотларнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 3 баравар ва 2020—2021 йилларнинг шу санасига нисбатан қарийб 4 баравар юқори бўлган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, совуқ ҳаво бозорда аллақачон чекланган маҳсулотларни камайтирди. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2023 йил 1-15 январь кунлари Ўзбекистонда пиёзнинг ички нархи аллақачон жуда юқори бўлгани учун бир тонна ҳам пиёз экспортга жўнатилмаган.
Жорий йил январь ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон пиёзнинг соф импортчиси бўлди. EastFruit таҳлилчиларининг дастлабки ҳисоб – китобларига кўра, бу даврда 3 минг тоннадан ортиқ пиёз, аксарият қисми Қозоғистондан олиб келинган.
Бироқ, Қозоғистон аллақачон ушбу маҳсулотларни экспорт қилишга чекловлар қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва мамлакатнинг маҳаллий ҳокимияти маъмуриятларига аҳолининг талабини тўлиқ таъминлаш ва нархларни ушлаб туриш учун зарур бўлган пиёзнинг мавжуд захираларини таҳлил қилиш вазифаси юклатилган: "агар таҳлил натижалари мавсумдан ташқари даврда пиёз етишмовчилиги хавфини кўрсатса, ички бозорни ҳимоя қилиш бўйича олдиндан чоралар кўрилади", деди Қозоғистон савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Шубҳасиз, Қозоғистондан пиёз экспортига қандайдир чекловлар қўйилса ёки тўлиқ тақиқланган тақдирда, Ўзбекистонда ушбу маҳсулотлар нархининг кескин ошиши олдиндан тахмин қилинадиган оқибатларга олиб келади, аниқ қанча бўлишини олдиндан айтиш қийин. Бироқ, мамлакат ички бозорида пиёз танқислиги жуда кам учрайдиган ва ғайритабиий ҳодиса ҳисобланади.