Ўзбекистон спорт гимнастикаси фахри Оксана Чусовитина яна шоҳсупада

Ўзбекистон спорт гимнастикаси фахри Оксана Чусовитина яна шоҳсупада

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтмоқда.

Унда иштирок этаётган ҳамюртимиз, гимнастика афсонаси Оксана Чусовитина яна бир карра дунё аҳлини ҳайратга солиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, яқинда 47 ёшга қадам қўядиган Чусовитина таяниб сакраш машқи бўйича ўтказилган финал баҳсларида 13,266 балл билан биринчи ўринни эгаллаган. Кейинги ўринларни мос равишда Венгрия вакиласи Мария Ксенже Бакскай ҳамда словениялик Теша Белак қўлга киритган.

Жами тўрт босқичдан иборат бўлган ушбу мусобақанинг учта босқичида қатнашиб, уларда иккита олтин ва битта кумуш медалга сазовор бўлган Ўзбекистон спорт гимнастикаси фахри Оксана таяниб сакраш йўналишида жаҳон кубоги соҳибасига айланди. Таъкидлаш жоиз, ушбу йўналишда ҳамюртимизга тенг келадиган рақиб топилмади. Бундан ташқари, Чусовитина қимматли рейтинг очколарини ҳам қўлга киритди.