Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, юртимизда санитария-эпидемиология хизмати тизимини бошқариш самарадорлигини янада ошириш мақсадида мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига қўшимча Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори лавозими киритилди.
Шунга асосан, мамлакатимиз Президентининг қарори билан Баҳодир Қаҳраманович Юсупалиев Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори лавозимига тайинланди.
Шу вақтгача у Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ботиржон Жўрабоевич Қурбонов Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Шунингдек, айни пайтгача ушбу агентлик директори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Баҳром Ибрагимович Алматов Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланди.