Ўзбекистон суд-тергов тизимига айбига иқрорлик бўйича келишув институти киритилмоқда

Ўзбекистон суд-тергов тизимига айбига иқрорлик бўйича келишув институти киритилмоқда

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган фармон қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатда амалиётда сақланиб қолаётган инсон ҳуқуқлари бузиш ҳолатлари, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган.

Хусусан, айбига иқрорлик бўйича келишув институти киритилмоқда. Унга кўра, айрим тоифадаги жиноятлар бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган, шунингдек, келтирилган зарарни бартараф этган тақдирда унга нисбатан қонунда белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинланади.

Ушланган шахсга процессуал ҳуқуқларини тушунтирмасдан туриб, ундан ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш тақиқланади

Бундан ташқари, эндиликда ушбу тоифадаги жиноят ишлари соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олинади.