Ўзбекистон сув қувурларининг эскирганлиги оқибатида йилига 500 миллион куб/м сув ёки 300 миллиард сўм йўқотмоқда

Ўзбекистон сув қувурларининг эскирганлиги оқибатида йилига 500 миллион куб/м сув ёки 300 миллиард сўм йўқотмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди ҳамда биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини, 65 ёшдан ошган кексаларни гриппга қарши эмлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Маълум қилинишича, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимидаги лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш, шунингдек, тарифларни белгилашни маҳаллий кенгашлар билан келишиш тартиби жорий қилинмоқда.

Йиғилишда мамлакат бўйлаб 27 та туманда ичимлик суви билан таъминлаш ишлари танқид қилинди. Мавжуд 70 минг километр сув қувурларининг 32 фоизи эскирган. Оқибатда улардаги йўқотишлар даражаси 40-50 фоизни ташкил этмоқда. Бу йилига қарийб 500 миллион куб метр сув ёки ўртача 300 миллиард сўм дегани. Бундан ташқари, жойлардаги насос ускуналари ва махсус техникалар ҳам таъмирталаб бўлиб қолган.

Шу боис келгуси йилдан инвестиция дастурларида соҳага ажратилаётган маблағнинг 10 фоизини сув объектларига энергия тежовчи ускуналар ўрнатиш ҳамда махсус техникалар харид қилиш учун йўналтириш зарурлиги таъкидланди.