Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги заставага ҳужум қилганларга ҳукм ўқилди

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги заставага ҳужум қилганларга ҳукм ўқилди

2019 йилнинг 6 ноябрь куни 20 нафар қуролланган номаълум шахслар Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги «Султонобод» отряди ҳарбий қисмининг Ишкободдаги 4-сонли чегара заставасига ҳужум қилган эди.

Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги заставага қуролли гуруҳ ҳужум қилди

Ҳужум давомида, улар 5 та АКМ автоматларини қўлга киритишган, лекин улар ҳарбийлар томонидан ўраб олинади ва 15 таси йўқ қилинади. Қолган 5 таси қўлга олинади. Операция давомида чегара қўшинларининг бир нафар аскари ва бир нафар Тожикистон ИИВ ходими ҳам ҳалок бўлгани айтилган.

Шов-шувли ҳужум билан боғлиқ сўнгги маҳкама иши шу билан ўз ниҳоясига етди. Айбдорларнинг фақат турли муддатга қамоқ жазоларига ҳукм этилгани билдирилди. Тожикистондаги етакчи Asia-Plus нашрига таяниб, ББС Ўзбек хизматининг ёзишича, Олий маҳкама матбуот хизмати ва бошқа масъуллар ИШИД га нисбат берган иш юзасидан ортиқча тафсилотлар бермади

Қўшимча маълумотларга кўра, жами 20 нафар ҳужумчидан учтаси аёл киши экани айтилган. Ҳужумчилар Душанбе рақамидаги машиналарда бўлишган. «Ишкобод» чегара постига бирор бир тўсиқсиз етиб келишгани ҳам ўшанда озмунча саволларни пайдо қилмай қолмаганди.

Тожикистон Олий маҳкамаси матбуот хизмати эса, ҳатто, судланувчилар сонини айтмаган ва ҳукмга оид бошқа тафсилотларга ҳам тўхталмаган.

Asia-Plus интернет нашрига кўра, шу йил 3 февраль кунги матбуот анжумани чоғида маҳкама раиси бунга ойдинлик киритгандек бўлган. Ўшанда ҳужум билан боғлиқ 9 кишининг жиноий ишини кўриб чиқаётганликларини маълум қилган.

Расмий Душанбе аввал бошдан ҳужумчиларни ИШИД аъзоларига нисбат берган.

Тожикистон Олий маҳкамаси ҳукми борасида ҳам ИШИД жим. Минтақада фаол бўлган қолган бирор бир жангари гуруҳ ҳам ҳалича бу ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқмаган.