Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ёзда Роғун ГЭСи томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини экспорт қилиш бўйича ният меморандумини имзолади. Бу ҳақда UzReport.news сайтига Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Ҳужжат икки давлат ўртасидаги тенглик ва ўзаро манфаатларга асосланган дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида имзоланган.
Ҳозирда Тожикистон томонининг маълум қилишича, Роғун ГЭСининг барча агрегатларини босқичма-босқич ишга тушириш жараёни давом этмоқда.
Шартлар, режимлар, электр энергияси етказиб бериш ҳажми ва тарифлари жорий йил охиригача имзоланиши режалаштирилган Электр энергиясини сотиб олиш бўйича алоҳида шартнома бўйича кўриб чиқилади.
Тахминан гап 10 йиллик муддат учун тузиладиган шартнома ҳақида кетаяпти, деб қайд этиб ўтди вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, Роғун ГЭСи тўғони қурилиши 2016 йил октябрь ойида Вахш дарёси бўйида жойлашган Роғун шаҳрида бошланган эди. 335 м баландликдаги гидроэлектр тўғони дунёдаги энг баланд тош тўғондир. ГЭС ҳар бири 600 МВт қувватга эга олтита блокдан иборат. Умумий қуввати 3600 МВт (17 миллиард кВт/соатдан ортиқ) бўлган Роғун ГЭСи минтақадаги энг йирик гидроэлектр станция ҳисобланади.