Ўзбекистон «Толибон» билан яқин алоқада бўлиб турибди — ТИВ Ўзбекистон ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришини қўллаб-қувватлашини маълум қилди

Ўзбекистон «Толибон» билан яқин алоқада бўлиб турибди — ТИВ Ўзбекистон ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришини қўллаб-қувватлашини маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда.

«Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлаймиз.

Доҳадаги афғонлараро музокаралар доирасида кенг кўламли тинчликка эришилишига умид билдирамиз.

Умид қиламизки, мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилади.

Ишончимиз комил, вазиятнинг бу йўналишда ривожланиши миллий келишувга эришишга олиб келади ҳамда кучли ва лаёқатли давлатни шакллантириш учун шароит яратади.

Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлашга ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқлигини қатъий билдиради.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.

Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича «Толибон» Ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турибди.

Шуни қатъий маълум қиламизки, Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин равишда бартараф этилади», дейилади баёнотда.