Ўзбекистон товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси тасдиқланди

Ўзбекистон товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси тасдиқланди

«Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–6019-сон, 06.07.2020 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг (мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мақсадларида бундан мустасно) таъсис этилишига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:

- битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритиб келаётган соҳаларда;

- давлат органлари томонидан ўзларига лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган соҳаларда.

Фармон билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг хулосалари асосида қабул қилинадиган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланди.

Шунингдек, 2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

Фармонга кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз фаолиятида Олий Мажлис Сенати ва Президентга ҳисобдордир.

2020 йил 1 ноябрга қадар «Рақобат тўғрисида»ги ва «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунларни бирлаштирган ҳолда ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.