Ўзбекистон учун яна бир халқаро конвенция кучга кирди

Ўзбекистон учун яна бир халқаро конвенция кучга кирди

2020 йил 12 июлда Ўзбекистон Республикаси учун фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция (Кишинёв шаҳри, 2002 йил 7-октябр) кучга кирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Ҳозирги кунда Арманистон, Белорус, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Кишинёв конвенциясининг иштирокчилари ҳисобланади.

Ҳужжат Томонлар ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар ва бошқа шахсларга уларнинг шахсий, мулкий ва номулкий ҳуқуқларининг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга, шунингдек Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича юридик ёрдам соҳасида ҳамкорлик қилишга қаратилган.

Мамлакатимизнинг Кишинёв конвенциясига қўшилиши ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда Томонларнинг марказий, ҳудудий ва бошқа органлари билан ҳамкорлик қилишга имкон беради. Бундан ташқари, Конвенция иштирокчи-давлатлар ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар ва бошқа шахсларни суд ва нотариал тўловлар ва харажатларни тўлашдан озод қилади ҳамда бошқа Томонлар ҳудудларида ўз фуқаролари билан бир хил шартларда бепул ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланишни кўзда тутади.

Ўзбекистон Республикаси учун ушбу Конвенция кучга кириши муносабати билан мамлакатимиз ва Кишинёв конвенциясининг иштирокчилари бўлган давлатлар ўртасида 1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция (Минск конвенцияси) ва унга 1997 йил 28 мартдаги Баённома ўз кучини йўқотади.

Конвенциянинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.