Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кенгайтирилган битим лойиҳаси яқин орада якунланади

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кенгайтирилган битим лойиҳаси яқин орада якунланади

2020 йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа Иттифоқи Комиссияси вице-президенти Жозеп Боррел ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, суҳбат чоғида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни фаоллаштириш ва кенгайтиришга томонлар катта аҳамият беришлари таъкидланган.

Минтақада муштараклик ва барқарор ривожланиш бўйича “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” вазирлар конференциясининг жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокаралар жараёнининг яқин орада якунланишига ва унинг олий даражадаги учрашув чоғида қабул қилинишига ишонч билдирдилар.

ЕИ Олий вакили ЖСТга қўшилиш бўйича Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чораларни қўллаб қувватлади.

Музокарада икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусан, иқтисодий ва инновацион ривожланишдан манфаатдорлик изҳор этилди, бу йўналиш CОВИД-19 билан боғлиқ ҳозирги шароитда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Шу ўринда, Европа Иттифоқининг Олий вакили таъкидлаганидек, Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлари Европа бизнеси ва инвестицияларининг кенг жалб этиш учун имкониятлар очади.

Жозеп Боррел мамлакатимиз раҳбарияти томонидан CОВИД-19 тарқалишини чеклаш ва пандемиянинг салбий оқибатларига қарши олиб борилаётган миллий ва минтақавий миқёсдаги чораларни юқори баҳолади.