Аввал хабар қилганимиздек, бугун 14 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистонга ташриф буюрди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бугун Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жаишанкар билан учрашди.
Суҳбат бошида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги шафелигида ўтказилаётган “Raisina Dialogue” бешинчи халқаро конференциясига таклиф учун миннатдорлик изҳор этди.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди ўртасидаги муҳим келишувларга асосланган Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазирлар 2020 йилда бўлиб ўтадиган олий ва бошқа даражалардаги учрашувлар жадвали, қўшма тадбирлар ўтказиш муддатлари бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.