Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон vs. America: Нега ҳамма “Грин карта” ўйнайди?
2.10.2019 22:09,  
2006

Миллионлаб одам интиқиб кутган кун келди: АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи “Грин карта” лотереясига ҳужжат топшириш расман бошланди. Ҳужжатлар АҚШ давлат департаменти сайтида 3 октябрдан 6 ноябргача қабул қилинади.

“Грин карта” нима?

“Грин карта” АҚШда доимий яшовчи резидентларга бериладиган ҳужжатнинг норасмий номи. Ранги яшил бўлгани учун халқ орасида “Грин карта” деб аталади. АҚШда резидент сифатида яшайдиган барча муҳожирларга шундай ҳужжат берилади ва у асосида беш йил яшаб, сўнг АҚШ фуқаролигини олиш мумкин.

“Грин карта” олиш йўллари кўп. Лотерея шулардан бири. АҚШда ўқиб, сўнг иш топиб қонуний қолиб кетганлар ҳам, АҚШ фуқароси ёки доимий яшовчи резиденти томонидан АҚШга чақириб олинган хорижликларга ҳам, агар улар қонуний мақомда бўлса ва резидентлик шартларига тўғри келса, “Грин карта” берилади.

Биргина лотерея дастурининг ўзидан ҳар йили ўртача 50 минг одамга АҚШда доимий яшаш ҳужжати берилади. Расмий номи “Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси” (Diversity Immigrant Visa) деб номланадиган бу дастур Конгресс томонидан 1990 йилда йўлга қўйилган ва ундан асосий мақсад “Америкада яшаш орузи”ни дунё бўйлаб оддий одамларга ҳам тақдим этиш экани айтилади.

Айни пайтда Ўзбекистон учун ҳар йили 5000 га яқин ўрин ажратилади. Бу ўринлар учун миллионлаб одам ҳужжат топширади. Одам қанча кўп бўлса, ютиш имконияти шунча кам бўлиши табиий. Чунки бу ўз номи билан лотерея.

Нега ҳамма Америкага интилади?

Асосий сабаб – иқтисодий имкониятларнинг кенглиги. Америка бой давлат, қудратли давлат. Бу ерда иш ҳақи “кўк”ида тўланади ва тўланганда ҳам яхшигина миқдорда тўланади. Мактаб кўрмаган одам ҳам шу оддий ҳақиқатни билади ва АҚШда яшасам, кўпроқ пул топаман, бойиб кетаман, деб ўйлайди.

Бу қараш, умуман олганда, хато эмас. Америкада, дарҳақиқат, қаттиқ меҳнат қилган; ўз олдига мақсад қўйиб, шу мақсади йўлида тўғри ва ҳалол ишлаган одам, албатта, ўз мақсадига эришади. Бу ерда одамнинг статусини таниш-билиш ёки пора эмас, балки калладаги билим, билакдаги куч (меҳнат) белгилайди.

Сабаб фақат иқтисодий манфаатдорликми?

Ҳамманинг Америкага интилаётганини фақат моддий манфаатдорлик билан ўлчаб бўлмайди. Қийматини моддий йўл билан баҳолаб бўлмайдиган яна бир сабаб бор: бу ўлкадаги мавжуд озодлик, инсон қадр-қимматининг ҳақиқий маънода тан олиниши.

Америка маданияти ўзбекистонликларга, мусулмонларга ёт. Бу ердагилар сизнинг тилингизда гапирмайди, сиз ейдиган овқатларни емайди; кийинишлари, оилавий муносабатлари, ота-она ва фарзанд алоқалари, ёш йигит-қизларнинг эмин-эркин бирга юриши, муносабат қуриши сизни ҳайратга солиши мумкин. Лекин бир жиҳати сизга ёқиши аниқ: Улар сизни рангингизга қараб ажратмайди; қайсидир амалдор келиб мол-мулкингизни тортиб олмайди; инглиз тилини билмасангиз ёки аксент билан гапирсангиз устингиздан кулмайди; пойтахтга ёки катта шаҳарларига кўчиб келсангиз, прописканг борми, деб ҳеч ким сиздан ҳужжат сўрамайди; нега соқолингни олмадинг, нега бошингга рўмол ўрадинг, деб сизни ҳокимлар турткиламайди; ҳатто ғайридин ёки даҳрий бўлса ҳам. Чунки Америка Қўшма Штатлари шахсий дахлсизлик, виждон ва сўз эркинлиги, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш каби олий қадриятлар асосига қурилган ва Американи буюк қилган, уни дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига айлантирган ҳам аслида мана шу қадриятлардир.

Америка нега буюк?

Ҳар қандай қудратли иқтисодиётнинг асосида пул эмас, инсон капитали ётади. Инсон эса ўзини эркин ва хавфсиз ҳис қиладиган жойда яшашни истайди. Шу боис дунёнинг энг ақлли “каллалари” АҚШга қараб оқмоқда; дунёнинг энг сўнгги технологиялари Америкада кашф қилинмоқда. Чунки ўзини эркин ва хавфсиз ҳис қилган одамгина ижод қилиши, кашфиётлар қилиши, нимадир янгилик яратиши мумкин. Эртанги кунига ишонган одамгина, кимдир мол-мулкини тортиб олишга уринса, суд уни ҳимоя қилишига ишонган одамгина фойдага кириши камида 10-15 йил вақт оладиган бизнесларга қўрқмасдан миллиардлаб доллар пулини тикади. Мана шу ишонч, мана шу қонун устуворлиги Американинг қудратини таъминлаб бераётган энг муҳим омиллардир.

Шу боис ҳамма Америкада яшашни истайди. Шунинг учун ўзбекистонликлар ҳар йили октябр ойини интиқиб кутади. Чунки бу ойда “Америкада яшаш орузи”ни қўлга киритиш имконияти бор…

Ўзбекистонда “Америка”ни қуриш мумкинми?

Албатта, мумкин. Фақат Американинг шаклини эмас, руҳини бунёд этиш керак бўлади.

Дунёга машҳур Силикон водийси жойлашган АҚШнинг Калифорния штатини мисол қилиб олайлик. Бу штат ҳудуди ва аҳолиси сони жиҳатидан Ўзбекистон билан деярли тенг. Лекин йиллик ялпи ички маҳсулоти Ўзбекистонникидан қарийб 13 баробар катта: 3 триллион доллар. Агар мустақил давлат бўлганда, бу мамлакат дунёда АҚШ, Хитой, Япония ва Германиядан сўнг дунёнинг бешинчи энг бой мамлакати бўларди.

Тасаввур қилинг: агар тақдир чархпалаги бир айланиб, Силикон водийси Ўзбекистонга инъом қилиб юборилса, Калифорния штатида Ўзбекистон қонунлари, Ўзбекистон ҳокимлари ҳукм суришни бошласа, Ўзбекистон бир айланиб дунёнинг энг бой бешинчи мамлакатига айланиб қоладими?

Афсуски, йўқ. Чунки Калифорния штатини бой қилаёйган нарса “Google”, “Facebook”, “Apple” каби гигант компаниялар ўтирган бинолар, уларнинг серверлари жойлашган компютерлар эмас, балки уларни эгаллаб турган, ишлатаётган одамлардир. Агар Ўзбекистондаги бизнес муҳити Силикон водийсида ҳукм сурса, бу “миялар” энг қисқа фурсатда Калифорнияни тарк этиб, ўзига энг қулай бўлган бошқа штат ёки давлатга бориб ўрнашади ва Ўзбекистон қўлида шип-шийдам бинолардан бошқа нарса қолмайди.

Демак, Ўзбекистон “Америка”ни қуриши учун америкача бизнес қонуниятларини, бошқарув муҳитини, инсон қадр-қиммати ва мол-мулки ҳимоясини, энг муҳими, ҳақиқий маънодаги қонун устуворлигини таъмилаши керак бўлади.

Унгача эса ҳар йили миллионлаб ўзбекистонликлар “Грин карта” ўйнашда давом этади…

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан