«Ўзбекистон яқин ойларда 2020 йилнинг ёзидаги каби даҳшатни бошдан кечириши мумкин» — шифокор коронавируснинг тарқалиши яна кучаяётгани ҳақида

«Ўзбекистон яқин ойларда 2020 йилнинг ёзидаги каби даҳшатни бошдан кечириши мумкин» — шифокор коронавируснинг тарқалиши яна кучаяётгани ҳақида

Шифокор Азизбек Болтаев Ўзбекистонда яқин ойларда 2020 йилнинг ёзида юз берган коронавирус билан боғлиқ яна ўша даҳшат қайтарилиши кутилаётганини айтди.

«Мен Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ортиши янги йилга тўғри келади деб тахмин қилгандим. Аммо бу ҳозир содир бўляпти. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Ўтказилган сўнгги тадқиқотларга кўра, бемор коронавирусга чалинганидан кейин унда 7 ойгача вирусга қарши иммунитет пайдо бўлади, кейин эса қонда антителалар миқдори кескин камаяди ва қайта касалланиш хавфи ортади», — деб ёзган у ўзининг Telegram каналида.

«Тахминимча, (Ўзбекистонда ушбу гипотезани тасдиқловчи тадқиқотлар ўтказилмаган) ўтган йили аҳолининг аксарияти коронавирус билан касалланди ва бизда жамоавий иммунитет шаклланди. Эндиликда бу иммунитет табиий равишда йўқ бўлмоқда, худди грипп ва бошқа кўплаб юқумли касалликларга нисбатан иммунитет вақт ўтиши билан йўқолганидек», — деган шифокор.

Унинг фикрича, бутун дунё мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам шошилинч равишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаши керак.

«Аммо бизда вакцинация билан боғлиқ вазият қандай? Дунё бўйича биринчи вакцинани ўртача 20 фоиздан ортиқ аҳоли олди. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 50-70 фоизни ташкил қилди. Ўзбекистонда 15 июнга келиб аҳолининг узоғи билан 5 фоизи вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланди. Дунё мамлакатларидан беш баравар, қўшни Қозоғистондан эса икки баравар ортда қоляпмиз. Бу яққол кўриниши учун графикда келтираман. Айтмоқчи, унга қараб қанчалик ривожлан(ма)ган давлат эканимиз аниқроқ кўриш мумкин», — деган Болтаев.

Унинг қўшимча қилишича, коронавирус бўйича ҳукумат комиссияси бошчилигидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига пандемияга қарши чораларини ёмон ташкил этгани, ўтган йилги қийинчиликлардан тегишли хулоса чиқармагани, шунингдек, вакцинация кампаниясини очиқчасига заиф ташкиллаштираётгани учун икки баҳо берилиши керак.

Болтаевнинг сўзларига кўра, эмлаш кампаниясини қуйидагилар орқали кучайтириш зарур:

зарур дозадаги вакцинани тезда сотиб олишни таъминлаш учун катта молиявий ва дипломатик ресурсларни йўналтириш;
анча вақт олдин ваъда қилинган «Спутник V» вакцинасини маҳаллий ишлаб чиқарилишини тезлаштириш;
вирусни нейтралаштирувчи антитаналарга эга бўлмаган аҳолининг айрим гуруҳлари (шифокорлар, «формадаги одамлар», ўқитувчилар / тарбиячилар, давлат хизматчилари) учун вакцинасияни мажбурий қилиш;
вакцинация ҳуқуқига эга бўлган тоифадаги фуқароларга чекловларни олиб ташлаш — эмланишни истаган ҳар бир киши зудлик билан бундай имкониятни олиши.
Шунингдек, ёпиқ муассасаларда оммавий тадбирларни ўтказишни тақиқлаш кераклигини ҳам қўшимча қилган.

Бошқа чора-тадбирлар қаторига ниқоб режимини давлат амалдорларининг шахсий намунаси орқали кучайтириш, бепул ниқобларнинг кенг миқиёсда таъминлаш, ниқоб режими устидан ҳуқуқ-тартибот органлари назоратини кучайтириш ва режимни бузганлик учун жарима чоралари муқаррарлигини таъминлаш киради.