Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда 1 январдан нималар ўзгаради?
31.12.2022 13:47,  
152

2023 йилдан тадбиркорлар йиллик молиявий ҳисоботларни солиқ органларига топшириш мажбуриятидан озод этилади.

Юридик шахслар томонидан 2022 йилдан кейин ҳисобланган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳамда солиқ суммалари тўғрисидаги архив ҳужжатларини сақлаш ва архивларга топшириш мажбурияти бекор қилинади.

2023 йилдан Саудия Арабистони фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюришлари мумкин бўлиб, бу тартиб 30 кунга амал қилади.

Бунда улардан фақатгина Саудия Арабистонига қайтиб учиб кетиш чипталарини кўрсатишлари талаб қилинади.

Солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган 14 та туманда "Маҳалла бюджети" тизими ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилади.

Мазкур туманларда мол-мулк ва ер солиғи (нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10%и ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача туман бюджетлари орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилади.

2023 йилдан тегишли давлат дастурлари ва лойиҳалари доирасида объектларнинг бош лойиҳа-қидирув ва бош қурилиш-пудрат ташкилотлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида электрон тендер (танлов) савдолари орқали аниқланади.

Бунда ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ёшлар етакчилари, ОАВ ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади.

1 январдан бошлаб пенсияларни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробарига оширилади.

Хусусан, пенсия тайинлашда ҳисобга олинган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 3 млн 240 минг сўмдан юқори бўлган пенционерларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилинади.

1 январдан божхона органлари ходимларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш жорий этилади.

Қайд этилишича, 2023 йил якунига қадар республиканинг барча халқаро аэропортларида «Масофавий божхона назорати» тизими жорий этилади.

ЙТТлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50%идан йилига БҲМнинг бир бараваригача камайтирилади.

Савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар бундан мустасно.

Шунингдек, 1 январдан ўзининг шахсий томорқа ер участкасида белгиланган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади.

Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (УЗКАД) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланади.

Бунда "УЗКАД" тизимига қуйидагилар интеграция қилинади ҳамда реал вақт режимида онлайн маълумот алмашинуви йўлга қўйилади:

  • Гаров реестри;
  • "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизими;
  • Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри;
  • Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестри;
  • Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестри;
  • "Давлат мулки" ахборот тизими;
  • Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва уларнинг бўлинмалари реестри;
  • лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари ва бошқалар.

Онлайн маълумот алмашинуви пайтида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шу сабабли УЗКАД тизимида бўлмаганлиги аниқланган тақдирда, уч кун ичида ушбу ҳуқуқ "УЗКАД" тизимида ҳақ ундирмасдан ва ариза талаб қилмасдан давлат рўйхатидан ўтказилади ва маълумот тақдим этилади.

Ўзининг шахсий томорқа ер участкасида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади:

  • чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар);
  • иссиқхона;
  • паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак);
  • қуёнчилик;
  • асаларичилик;
  • балиқчилик;
  • боғдорчилик;
  • лимончилик;
  • гулчилик.

Уй-жой учун субсидия берилган фуқароларнинг ипотека кредитлари ва уларнинг фоизлари учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғига тортилмайди.

Мазкур имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан ошмаган қисмига татбиқ этилади.

Устав фондида давлат улуши 50% ва ундан кўп хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлиси ва иштирокчилари умумий йиғилиши баёнлари улар расмийлаштирилгандан сўнг 10 кунда "Давлат мулки" ахборот тизимида жойлаштирилади.

Чарм, мўйна хом ашёси ва жунни қайта тайёрлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2026 йил 1 январгача фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинади.

Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи "Юридик ёрдам" ахборот тизими ишга туширилади.

Мазкур ахборот тизими доирасида:

  • адвокатлар электрон реестри ва адвокатларнинг шахсий электрон кабинети шакллантирилади;
  • адвокатнинг шахсий электрон кабинети орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ишонч билдирувчи шахс хоҳишига асосан масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади;
  • адвокатура, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви йўлга қўйилади;
  • терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ҳаракатлари ёки суд мажлиси ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида адвокатга электрон хабар бериш имконияти яратилади;
  • адвокат сўровини электрон юбориш ва адвокат сўрови асосида юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • адвокатнинг ўз аризасига кўра адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш электрон тарзда адвокат томонидан хабарнома бериш шаклида амалга оширилади.

Тегишли низом билан 2023 йил 1 январдан:

  • адвокатлик фаолияти учун лицензия бериш, малака имтиҳонини топшириш тартиби сақланган ҳолда, "Лицензия" ахборот тизими орқали;
  • адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш ЯИДХП орқали амалга оширилади;
  • адвокатликни бошлашда малака имтиҳонини топшириш, лицензия олиш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича композит хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилади.

Наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилади.

Наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги ишларни электрон тарзда судларга юбориш ва судлар томонидан уларни видеоконференсалоқа режимида кўриб чиқиш мумкин.

Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг амбулатор ва стационар бўлимларида тиббий психолог ёки психотерапевт лавозимлари жорий этилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда қуйидагилар электрон порталга жойлаштириб борилади:

  • ижтимоий ва иқтисодий дастурларнинг лойиҳалари;
  • социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонлар;
  • келгуси молия йили учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки ҳудудий жамоат фондларига юбориладиган буюртманомалар;
  • ННТлар билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар, тузилган ҳамкорлик битимлари, меморандумлар ҳамда берилган давлат ижтимоий буюртмалари ҳақидаги маълумотлар;
  • давлат ижтимоий буюртмаларини амалга ошириш жараёни ва натижалари, ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳақидаги маълумотлар.

Янги қуриладиган кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларини белгиламасдан лойиҳалаштириш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

Янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг чиқинди тўплаш жойлари улардаги квартиралар сонига мутаносиб равишда ҳамда атрофдаги мавжуд чиқинди тўплаш шохобчалари қуввати ҳисобга олинган ҳолда лойиҳалаштирилади.

Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси янги қурилган кўп квартирали уйлар чиқинди тўплаш жойлари белгиланмасдан фойдаланишга қабул қилинмаслигини қатъий назоратга олсин ва таъминлаб борсин.

"Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млндан 4,5 млн сўмгача) оширилади.

Шунингдек, кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
  • шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
  • давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш.

Шунингдек, доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади.

Донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3%и (27 минг 600 сўм) миқдорида белгиланади.

Иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади.

Шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.

Тошкентда жамоат транспортининг янги тармоғи асосида ташкил этиладиган йўналишларда ташувчиларни "босиб ўтилган йўл", "йўловчи оқими" ва "сифат" мезонлари бўйича бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда молиялаштиришнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан