Ўзбекистонда 44 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат реестридан чиқарилади

Ўзбекистонда 44 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат реестридан чиқарилади

Адлия вазирлиги томонидан 5 апрель куни «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруқ чиқарилди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Маълум қилинишича, қирқ тўртта норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат реестридан чиқарилади. Қуйидаги ҳужжатлар ҳам рўйхатга киритилган:
  • Марказий депозитарийнинг савдо ва ҳисоб-китоб-клиринг тизимлари билан ўзаро фаолияти тартиби;
  • Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг таълим дастурларини халқаро аккредитацияга тайёрлаш мақсадида уни аттестациядан ўтказишнинг махсус мезонлари;
  • «Марказий депозитарийнинг савдо ва ҳисоб-китоб-клиринг тизимлари билан ўзаро алоқадорлиги тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруқ;
  • Ўзбекистон банкларида асосий воситалар, номоддий активлар, кам баҳоли ва тез эскирувчи буюмларнинг бухгалтерлик ҳисоби бўйича йўриқнома;
  • «Ўзбекистон Республикасининг берилган радиочастоталарини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқ.

Ҳужжат «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга, Президентнинг 2018 йилнинг 13 апрелидаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига, Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йилнинг 9 октябридаги «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.