Ўзбекистонда бир эмас, бир нечта вакциналар синалади – Иброҳим Aбдураҳмонов

Ўзбекистонда бир эмас, бир нечта вакциналар синалади – Иброҳим Aбдураҳмонов

Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ишлаб чиққан COVID-19'га қарши вакцина синовининг учинчи босқичи Ўзбекистонда ҳам ўтказилади. Ушбу институт ва «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси билан Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги музокаралар олиб бормоқда.

Инновацион ривожланиш вазири, биолог олим Иброҳим Aбдураҳмонов «Халқ сўзи» газетасига берган интервьюсида синов давомида 5 минг кишини эмлаш билан боғлиқ саволларга жавоб берди.

«Синов бошлашдан олдин кўнгиллилар ўқитилади»

– Рекомбинант вакцина синовларини ўтказиш учун оилавий поликлиникаларни жалб қилган ҳолда кўнгиллилар танлаб олиняпти. Олдин уларни ўқитиб, бу нарсанинг маъносини тушунтириб, кейин синовни амалга оширамиз.

Мен кўнгиллилар бўйича бирорта камчилик бўлади, деб ўйламайман. Биз Ўзбекистонга трансферини амалга оширмоқчи бўлган рекомбинант вакцинанинг 2-фаза синовлари Хитойда мингдан ортиқ кўнгиллиларда муваффақиятли тугаган. Ҳозир камида 15 минг одамда 3-фаза синовларини ўтказиш режалаштирилган ва шундан 5 минг кўнгиллини Ўзбекистондан танлаб олиб, синовдан ўтказиш бўйича ҳамкорлик олиб боряпмиз.

Вакцина неча ёшлиларда синовдан ўтказилади?

– Бу ерда махсус протоколлар билан ёш чегараси аниқланган. 18дан 59 ёшгача бўлганлар битта гуруҳ бўлади ва яна бир гуруҳ кўнгиллилар 60 ёшдан юқорилар ҳисобланади. 1-босқични биз 18дан 60 ёш оралиғидаги кўнгиллилар билан бошлаймиз.

Aнъанавий тарздаги вакциналарда ўлдирилган вируслар тўғридан тўғри одам организмига юборилиб, уларда антителалар ҳосил қилади ва бу энг биринчи синовлари якунланаётган вакциналар тури ҳисобланади.

Биз ҳозир синовдан ўтказаётган вакцинанинг хавсизлик даражаси юқори. Сабаби унда вируснинг ниҳоятда кичик бўлаги бор.

Иккинчидан, бу CОVID'нинг турли штампларига универсал таъсирга эга. Шунингдек, нархи ҳам бошқа вакциналарга нисбатан арзон.

«Кўнгиллиларнинг тенг ярми – плацебо гуруҳи. Улар ҳақиқий вакцина олмайди»

– Вакцина синовида битта нарсани тушуниш керак. 5000 вакцинани оладиган кўнгиллининг тенг ярми – 2500 нафари ҳақиқий вакцина олмайдиган одамлар бўлади. Яъни 2500 нафари ҳақиқий вакцина олади, қолгани ҳақиқий вакцина олмайди ва ким қанақа вакцина олганини, қанақа ампула ишлатилганини ҳеч ким билмайди.

Бу шундай тасодифийлаштирилган бўлиб, кимга ҳақиқий вакцина юборилганини мен ҳам, соғлиқни сақлаш вазири ҳам, ҳатто компания раҳбарлари, ходимлари ҳам билмайди.

Бундай қилишдан мақсад – вакцинанинг қанчалик самарадорлигини аниқлаш, субъектив аралашувларни камайтиришдир.

«Синовдаги вакцинадан вафот этганлар йўқ»

– Дунё миқёсида коронавирус вакциналарининг 11таси синовларнинг 3-босқичига етиб келди. Бу вакциналар оқибатида вафот этганлик ҳолатлари йўқ. Биргина AstraZeneca компанияси ишлаб чиққан вакцинанинг 3-босқич синовида бир киши вафот этди, аммо кейин маълум бўлдики, вафот этган одам плацебо гуруҳида бўлган, у ҳақиқий вакцинани олмаган.

Ўзи барча дори-дармонлар плацебо усулида текширилади. Эмлангандан кейин мен вакцина олдим деб ҳаяжонланиш оқибатида касалликка чалиниб қолиш ҳолатлари ёки аҳоли орасида ҳар хил ижтимоий ва ёш қатламлари борлиги ҳисобга олиниб, бу каби ҳолатларда қандай чора кўрилиши ҳақида ҳам протоколлар белгилаб олинади.

Биз олиб келадиган вакцинадан вафот этганлар йўқ. Унинг ножўя таъсирлари 1 фоиздан ошмаганини кўргандан кейин вакцинани синовдан ўтказишга қарор қилдик.

[...] Биз танлаган вакцинанинг хавфсизлик даражасини энг юқори деб ҳисоблайман. Эътиборимизни тортган биринчи жиҳат шу. Иккинчидан, бу – COVID-19'нинг турли штаммларига универсал таъсирга эгалиги эътиборимизни тортган. Нафақат COVID-19, балки бошқа коронавируслар – SARS, MERS вирусларига ҳам универсал таъсир қиладиган бета вакцина сифатида намоён бўлгани эътиборимизни тортди. Мен ўзим генетик олим сифатида, бунинг маъносини яхши тушунганим учун шу вакцинани ўрганишга қарор қилдик.

Бундан ташқари, ген муҳандислигига асосланган бўлгани учун, бу вакцинани ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бошқа вакциналарга нисбатан анча арзонга тушади. Шу жиҳат ҳам эътиборимизни тортди.

«Вакцинанинг акс таъсири сезилган фуқаронинг харажатлари қоплаб берилади»

– 5000 кўнгиллининг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилади. Қўшимча касалликлари борми, бор бўлса, унинг хавфлилиги қай даражадалиги текширилади. Улар тиббий кўрикдан ўтгандан кейин тиббий суғурта қилинади. Тиббий суғуртада вакцина туфайли ножўя таъсирлар сезиладиган бўлса, қандай харажатлар кетиши белгиланиб, олдиндан чора кўрилади.

Кўнгиллилар бир йил давомида 8 марта тиббий кўрикдан ўтказиб борилади. Вакцинадан кейин ярим соат врач кўригида бўлишади. Aгар ножўя таъсирлари бўладиган бўлса, аввало тиббий суғурта ва ҳамкор компания қоплаб беради.

Ножўя таъсирлар

– Ножўя таъсирлар бўлиши мумкин. Масалан, вакцина олгандан кейин ҳарорат кўтарилиши, вакцинага антитела ишлаб чиқариш жараёнида, албатта, танада ўзгариш бўлади. Шунинг учун ҳар бир кўнгиллига хавф гуруҳига кирмайдиган ўзгаришлар тушунтирилади.

Aгар 15 фоиздан кўп одамда ножўя таъсирлар сезилса, вакцинани қайта ўрганиб чиқиш бошланади. Aгар ножўя таъсирлар 30 фоиз одамда кузатилса, вакцина дарҳол тўхтатилади.

Вакциналаш жараёнига 2та илмий марказни асосий масъул сифатида белгилаб олдик. Биринчиси – Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази. Иккинчиси – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий-текшириш институти.

Нега вакцина билан Инновация вазирлиги шуғулланяпти, ССВ эмас?

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги турган пайтда, нима учун вакциналар билан Инновацион ривожланиш вазирлиги шуғулланяпти, деган савол ҳам кўп бериляпти. Асосий омил сифатида шуни айтмоқчиманки, вакциналар – бу юқори ва инновацион технологиялардир.

Вакцина масаласида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жуда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Бир нечта вакцина синовларини ўтказиш ва аҳолимизга олиб келиш бўйича қатор шартномаларга эришилган ва булар амалга ошириляпти. Бизнинг вазирлигимиз эса юқори технологияларга асосланган вакциналар, дори препаратлари, даволаш усуллари бўйича кузатувларни амалга оширгани учун ҳам вакциналаш трансферини амалга ошириш бизнинг вазифамиз ҳисобланади.

Инновацияда, яъни умуман юқори технологиялар трансферини амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида, биз пандемия даврида дунё олимлари томонидан яратилган технологияларга бефарқ эмасмиз, улар билан ҳамкорликни йўлга қўяяпмиз. Вакцина бўйича ишлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириляпти.

Ўзбекистонда яна бошқа турдаги вакциналар ҳам синовдан ўтказилиши кутилмоқда

– Ҳозир Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Россияда ишлаб чиқарилган Спутник-V вакцинаси синовларини ўтказиш бўйича ишлар йўлга қўйилган. Бу – аденовирус типидаги вакцина ва клиник синовларга қўйилганига анча бўлган. Россияда анча кўплаб одамларда синовдан ўтказиляпти.

Яна бир вакцина – Хитойнинг «Sinopharm» компаниясининг ўлдирилган, кучсизлантирилган вирусларга асосланган вакцинаси. Бу анча олдинги технология, ҳозирга қадар етилиб, пишиб, тайёрлик даражаси юқори бўлган вакцина. Бу вакцинани Ўзбекистонга олиб келиш билан ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланмоқда.

Лекин биз, яна бир марта айтаман, Инновацион ривожланиш вазирлиги сифатида рекомбинант оқсил молекуласига асосланган вакцинани олиб келяпмиз. Халқимизни коронавирус вакцинаси билан таъминлаш учун биз бир неча хил вакцина синовларини ўтказишимиз керак. Бу – Россия вакциналари ҳам, Европадаги AstraZeneca ҳам, АҚШдаги Moderna компаниясининг вакциналари ҳам ёки мана Хитойнинг вакциналари ҳам бўлиши мумкин.

Бир нечта вакцина синовини параллел равишда ўтказиш – давр тақозоси. Чунки коронавируснинг ҳам ҳар хил типлари бор. Бир ҳудудда яратилган вакцина иккинчи ҳудуд учун етарлича самарали бўлмаслиги мумкин. Аҳоли генетикасига қараб ҳам самараси ҳар хил бўлиши мумкин.

Албатта, вакцина текинга келмайди. Жуда ҳам қиммат технология бўлади. Уларни сотиб олар эканмиз, албатта, самаралисини танлаб олишимиз керак. Шунинг учун бир пайтнинг ўзида бир нечта вакциналар устида ишлар олиб бориляпти, аҳолимиз буни тўғри тушуниши керак.