Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича кластерлар ташкил этилади
11.08.2020 10:42,  
133

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича 10 август куни йиғилиш ўтказди.

Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлашга муҳим сиёсий масала сифатида қаралмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этилиб, Оролбўйидаги шаҳар ва туманларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар жадал амалга оширилмоқда. Атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида бу масалалар янада долзарб аҳамият касб этади.

– Чиқинди тизимини тартибга солиш – ҳаётимиз, соғлиғимиз учун энг муҳим вазифалардан бири. Бу инсон саломатлиги ва хавфсизлиги, миллат келажаги билан боғлиқ долзарб масала, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги уч йилда чиқиндиларни бошқариш соҳасига бюджетдан ажратилган 390 миллиард сўм ҳисобига 742 та махсус техника сотиб олинган, 204 та полигон модернизация қилинган.

Жорий йил март ойида ўтказилган йиғилишда соҳадаги ишлар танқид қилиниб, тегишли топшириқлар берилган эди. Бугун уларнинг ижроси кўриб чиқилди, қўшимча вазифалар белгиланди.

Ҳозирда санитар тозалаш хизматлари билан аҳолини қамраб олиш даражаси 66 фоизни ташкил этади. Йиғилишда йил якунигача бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш, соҳага хусусий корхоналарни кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Чиқиндиларни қайта ишлашни тартибга солиш бўйича 14 та ҳудуддаги туманлар кесимида алоҳида қарорлар қабул қилиниши ҳамда уларнинг ижроси юзасидан назорат тизими йўлга қўйилиши белгиланди.

Нодавлат сектор чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашда яхши самара бермоқда. Қаерда шундай корхоналар ишлаётган бўлса, хизмат сифати ҳам юқори, аҳоли ҳам рози. Мисол учун, «Био Техно Эко» компанияси 6 миллион доллардан зиёд кредит ҳисобига 78 та махсус техника ва ускуналар харид қилиб, Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидаги 285 минг аҳолига тозалаш хизмати кўрсатмоқда.

Жойларда шундай лойиҳа қиламан, деган тадбиркорлар кўп. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга Қорақалпоғистон ва вилоятларда давлат-хусусий шериклик асосида жами 31 та кластер ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Ушбу лойиҳалар ҳисобига маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини йил якунигача 25 фоизгача, 2021 йилда камида 35 фоизга етказиш зарурлиги белгиланди.

Санитар-экологик талабга жавоб бермайдиган 51 та чиқинди полигонини мақбуллаштириш, бундан ташқари, қурилиш чиқиндилари учун 26 та полигон ҳамда уларни қайта ишловчи кластерлар ташкил этиш муҳимлиги айтилди.

Йиғилишда халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган маблағлар натижадорлиги ҳам муҳокама қилинди.

Мутасаддиларга бу маблағлар эвазига бошланган лойиҳаларни жадаллаштириб, қисқа муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Давлатимиз раҳбари соҳани камхарж ва тежамкор техникалар билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан