Ўзбекистонда электрон пуллардан фойдаланиш тартиби белгиланди

Ўзбекистонда электрон пуллардан фойдаланиш тартиби белгиланди

Фото: kommersant.uz

Марказий банк "Ўзбекистонда электрон пуллардан фойдаланиш тартиби"ни ишлаб чиқди (Адлия вазирлигида 2020 йил 29 апрелда 3231-сон билан рўйхатга олинган).

Ҳужжатни ишлаб чиқишда электрон пул тизими фаолиятини ташкил қилиш, электрон пулларнинг муомаласи, хавф-хатарларни бошқариш ва электрон пул тизимида хавфсизликни таъминлаш мақсадида жаҳон амалиёти ўрганилди.

Унда электрон пуллар тизимига оид асосий тушунчалар, шу жумладан, “айирбошлаш операцияси”, “бир ва кўп эмитентли электрон пуллар тизими”, “олдиндан тўланган карта”, “электрон пуллар тизимининг агенти”, “электрон ҳамён” ва соҳага оид бошқа терминларга батафсил тушунтиришлар берилган.

Қоидага кўра, эмитент, оператор, электрон пуллар тизимининг агенти, электрон пуллар эгаси, шунингдек, эмитент билан шартнома тузган банклар, тўлов ташкилотлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар электрон пуллар тизимининг субъектлари ҳисобланади.

Электрон пул тизимининг оператори тегишли литсензияга эга бўлган банк ва (ёки) тўлов муассасаси бўлиши мумкин. Электрон пул тизимининг ҳисоб-китоб банки эмитент ёки электрон пул тизими оператори билан шартнома тузган бошқа банк бўлиши мумкин.

Эмитент ўз фаолиятини бошлаши учун, энг аввало, электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиши тўғрисида Марказий банкка белгиланган шаклдаги хабарнома ва унга илова сифатида оператор билан тузилган шартнома ҳамда электрон пуллар тизими субъектлари билан тузиладиган шартномалар намуналарини юбориши зарур.

Фото: Марказий банк

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан электрон пуллар тизимида транзакцияларни оператор томонидан электрон пуллар тизими қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган. Ушбу қоидалар оператор ва эмитент ўртасида тузилган шартномага асосан тасдиқланади. Кўп эмитентли электрон пуллар тизимида эса ушбу қоидалар ҳар бир эмитент билан келишилган бўлиши талаб этилади.