Ўзбекистонда энг кўп ходимни ишга олган давлат ташкилотлари маълум бўлди

Ўзбекистонда энг кўп ходимни ишга олган давлат ташкилотлари маълум бўлди

АОКАда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Аббос Акрамов иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда давлат хизматига очиқ танловлар асосида ишга қабул қилишнинг ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига, республиканинг 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги 13 827 та вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилиниб, жами 212 мингдан зиёд номзод томонидан танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширилган.

Вазирлик ва идоралар кесимида энг кўп Давлат солиқ қўмитаси тизимида 2 243 та, Халқ таълими вазирлиги тизимида 1 915 та ва Молия вазирлиги тизимида 1 698 та танловлар ўтказилган.Туман ва шаҳар ҳокимликлари тизимида – 850 та вакант лавозимларга очиқ танлов эълон қилинди.

Ҳудудлар кесимида, Қорақалпоғистон Республикасида 491 та, Андижон вилояти 1 137 та, Бухоро вилоятида 980 та, Жиззах вилоятида 905 та, Қашқадарё вилоятида 876 та, Навоий вилоятида 1 242 та, Наманган вилоятида 886 та, Самарқанд вилоятида 1 254 та, Сирдарё вилоятида 1 093 та, Сурхондарё вилоятида 726 та, Тошкент вилоятида 1 127 та, Фарғона вилоятида 749 та, Хоразм вилоятида 641 та, Тошкент шаҳрида 670 та ҳамда вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратидаги 1 050 та вакант ўрин учун танловлар ўтказилган.

Танловлар якунида 3 485 нафар (35 %) малакали номзодлар давлат хизматига ишга қабул қилинган.

Ушбу давлат хизматига қабул қилинган танлов ғолибларининг 969 нафари (29 %) - 30 ёшгача бўлган, шунингдек, 461 нафари (14 %) давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинган номзодларни ташкил этади.