Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи ёшлар сони очиқланди

Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи ёшлар сони очиқланди

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун, аввало, ижтимоий ҳаётимизда баъзан учраб турадиган, табиатимизга ёт бўлган, ёшларимизнинг соғлом вояга етишларига ножўя таъсир кўрсатадиган ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик каби инсон хулқ-атворига зид иллатларни бартараф этишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятга молик.

Қонунда наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарор унинг яшаш жойидаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан йигирма кунлик муддатда, ушбу шахс ҳозирлигида қабул қилиниши кўрсатиб қўйилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти, меҳнат органлари даволаниб чиққанларни ишга жойлаштириш ҳамда маиший турмушга мослашишида кўмаклашиш ҳуқуқий мустаҳкамланди.

Қонунга кўра, давлат амбулатория ва стационар шароитларда бундай беморларга маслаҳат бериш-ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитациявий, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.

Наркология диспансерлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, мамлакатнинг йирик шаҳарларида республика, вилоят, шаҳар ёки туманлараро даражада мустақил даволаш-профилактика муассасалари сифатида ташкил этилиши, қолаверса, амбулатория шароитларидаги наркологик ёрдам туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари тузилмасида ташкил этилган наркология кабинетлари томонидан кўрсатилиши белгиланган.

Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг ўринбосари Азиз Икромов қуйидагиларни маълум қилди:

«Ҳозирги кунда 5889 нафар гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилувчи ёшлар рўйхатда туришибди. Уларнинг асосий қисми Андижон, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келади» - деди Икромов.

Шунингдек, мажлисда Сенат Раиси Танзила Нарбаева “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги  Қонун  ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириб, мазкур йўналишда олиб борилиши зарур бўлган жиҳатларга тўхталди.

– Ҳар биримиз гиёхвандлик иллати ва у билан боғлиқ касалликларнинг оғир оқибатларини яхши тасаввур қиламиз, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. –  Албатта, мамлакатимизда бундай турдаги касалликка чалинганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилади, уларни реабилитация қилиш чоралари кўрилади.

Эътибор қаратилиши зарур бўлган асосий масала – профилактика. Биринчи навбатда гиёҳванд моддалар ва психоактив воситаларнинг мамлакатга кириб келиши ва истеъмолига қарши курашишнинг самарали механизмларидан фойдаланиш лозим. Бундай моддалар истеъмолининг асосий аудиторияси ёшлар бўлиб, улар орасида сўнгги пайтларда анъанавий гиёҳванд моддаларидан ташқари турли сунъий (синтетик) моддалар истеъмоли оммалашаётгани ҳаммамизни ташвишлантириши керак.

Яна бир жиҳат. Ҳозир ёшларни гиёҳвандга айлантириш учун уларни кўчаларда қидириб юришдан кўра интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали йўлдан уриш осон бўлиб қолди. Интернетга кириб, синтетик психоактив моддалар тайёрлаш ва уларни истеъмол қилиш бўйича минг ҳил “маслаҳат” топиш мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, гиёхвандликка қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши, дея қараш нотўғри. Бунга ҳамма – бутун жамият масъул!" - деди Сенат раиси.