Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
- 2023 йил 1 январга қадар Миллий каталог ва реестрга киритилган ҳунармандлар учун календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ягона солиқ тўлов ставкаси 2 фоиз миқдорида тўланади;
- ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда тўланадиган давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун амалда белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ўрнатилади;
- миллий каталогга киритилган ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловлар бекор қилинади;
- кўргазма заллари, галереялар, павилонлар, бозор ва ярмарка расталарида намойиш қилиш ва сотиш учун жойлар, фаолиятини кенгайтириш учун ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларида ер участкалари ажратилишида миллий каталогга киритилган ҳунармандлар учун устуворлик қўлланилади.