Ўзбекистонда Ислом динидан бошқа конфессияларда ҳам оммавий ибодатлар тўхтатилди

Ўзбекистонда Ислом динидан бошқа конфессияларда ҳам оммавий ибодатлар тўхтатилди

Фото: gelio.livejournal

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг фатво ва хулосалари асосида ўз фатвосини қабул қилди.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, ўз навбатида, бошқа диний конфессияларда ҳам ўрнатилган тартибда оммавий ибодатлар, маросимлар вақтинчалик тўхтатилди. Шунингдек, уларга қарашли диний таълим муассасаларининг (семинария ва монастр) талаба-ўқувчилари ҳам таътилга чиқарилгани маълум қилинди.

Карантин даврида барча диний ташкилотларда, жумладан масжидларда, черков ва ибодатхоналар, диний таълим муассасалари, мадрасалар, семинария ва монастрларда тўлиқ дезинфекция ишлари амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвога кўра, барча мусулмонларни қуйидагиларга чақирди:

– Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқисинлар. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар.

– Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин.

– Масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилсин.

– Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликни тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшсинлар.

– Ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозим.

– Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.

– Карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилсин.

Бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.

Ушбу фатво вирус аниқланган мусулмон мамлакатлар ҳамда бошқа ўлкалардаги йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг ушбу масаладаги фатво ҳамда хулосаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди, дейилади Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатвосида.