Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 140 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 140 нафарга етди

Бугун Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 11 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 8 нафари аёллардир. Улардан 5 нафари пойтахтимиздан, 2 нафари Тошкент вилоятидан бўлса, Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 30 ёшда.

Ушбу муваффақиятли қадамларга сабаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани десак, хато бўлмайди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 28 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 39 нафарга етди.

Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 140 нафар бемор тўлиқ соғайди.