Ўзбекистонда яна 40 нафардан ортиқ бемор коронавирусдан тузалди

Ўзбекистонда яна 40 нафардан ортиқ бемор коронавирусдан тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бугун коронавирус инфекциясига чалинган яна 20 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси Наманган шаҳридан бўлиб, 19 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган, бир нафари Туркиядан келган.

Беморларнинг 7 нафари эркак, 13 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 67 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларнинг хасталикни тўлиқ енгиб ўтганлигини кўрсатди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 23 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 43 нафарга етди.

Шунингдек, пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 21 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Шифо топганларнинг 8 нафари Россиядан Тошкентга келишгач, “Сокол” оромгоҳига карантинга олинган, 1 нафари Франциядан, яна 1 нафари эса БААнинг Дубай шаҳридан келган. Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Қолган 11 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.

Беморлардан 11 нафари эркак, 10 нафари аёл. Улардан 13 нафари пойтахтимиздан, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан 2 нафардан, Навоий, Хоразм ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 67 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда. Сўнгги текширувлар ушбу беморларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Ушбу клиникада шу пайтга қадар 29 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 50 нафарга етди.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясига чалинганлар жами 1657 нафарни, ундан бутунлай соғайган беморлар 334 нафарни, вафот этганлар эса 6 кишини ташкил этмоқда.