Аввал хабар қилганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди.
Мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлди.
Шунингдек, коронавирус пандемияси юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Афсуски, бу касаллик уч юздан зиёд юртдошимизнинг ҳаётига зомин бўлди.
Маросимда ушбу инсонлар хотирасига бағишлаб ҳам Қуръон тиловат қилинди. Беморларнинг тезроқ соғайишини Аллоҳдан сўраб, дуо ўқилди.
- Ўз яқинларидан жудо бўлган барча оилаларга чуқур ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилайман. Даволанаётган беморларимизнинг дардига шифо беришини Худодан сўраймиз. Олти ойдан бери шу бало билан курашяпмиз. Бу касаллик юртимиздан тезроқ кетишини сўраб дуо қиламиз, - деди давлатимиз раҳбари.