Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганларнинг қон зардобидан беморларни даволашда фойдаланилади

Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганларнинг қон зардобидан беморларни даволашда фойдаланилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, соғайган фуқароларимизнинг қон зардоби касалликни бошидан кечираётган беморларимиз учун ниҳоятда бебаҳо бўлиб, уларнинг ушбу хасталикни енгил ўтказиши ва тезроқ тузалишлари учун замин бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шунга кўра, юртимиздаги бир қатор тажрибали олим ва шифокорлар билан келишилган ҳолда, тез кунларда мутлақо янгича усул — коронавирусдан соғайган инсонларнинг қон зардобини хасталиги оғир кечаётган беморларга қуйиш амалиётини жорий этиш бошланади.

“Амалиётнинг илмий асосига келадиган бўлсак, COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қон зардобида вирусга қарши иммун таначалар пайдо бўлиб, улар вируснинг ўлимига олиб келади“.

Табиийки, бу амалиёт қатор саволлар туғдириши мумкин. Зардобдан бошқа касаллик юқмайдими? Зардоб берган инсонлар аҳволи оғирлашмайдими? Беморларга зардоб қуйилганда турли асоратлар юзага келмайдими?

“Аввало, коронавирус инфекциясидан тузалган инсонлардан зардоб олишдан олдин, бир нечта инфекцияларга текширилади, тиббий кўрикдан ўтказилади. Қўшимча инфекцияси ва касаллиги бўлмаган инсонлар зардобининг кичик бир қисми олинади, холос. Бу миқдор донор учун ҳеч қандай салбий асоратларни намоён қилмайди. Бу илмий жиҳатдан исботланган. Сўнгра йиғиб олинган зардоб яна қўшимча ишлов бериш жараёнларидан ўтказилгандан сўнг, касаллик оғир кечаётган беморлар розилиги ва шифокор кўрсатмалари ҳамда махсус тартибларга қатъий риоя қилинган холда қўлланилиши мумкин“ — дейилади ССВ хабарида.

Шунингдек, COVID-19 инфекциясидан тузалган инсонларнинг қон зардоби – касаллик оғир кечаётган ёки узоқ давом этаётган беморларимизга вирусни тезроқ ва осонроқ енгиш учун қўшимча курашиш манбайи бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги айтилди.